Пайғамбаримизнинг  хотим- узуклари ҳақида

Пайғамбаримизнинг хотим- узуклари ҳақида

imon.uz 2024-11-11 12:37:05 104

. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ажамларга мактуб ёзмоқчи бўлганларида улар хатм - муҳри бор мактубдан бошқани қабул қилмасликлари айтилди. Шунда у зот хотим - узук қилдирдилар. Мен у зотнинг кафтларида унинг оқига назар солиб тургандекман».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан биз узук деб номлаётган нарсанинг ҳақиқати ва ундан кўзланган асосий мақсад англаб олинади.

Бунинг учун аввал бир оз луғавий баҳс юритмоғимиз лозим. Биз «узук» деб номлаётган нарса арабчада «хотим» деб аталади. Бу сўзнинг луғавий маъноси хатм қилувчи — муҳр босувчи деганидир. Чунки «хатм» сўзи «муҳр» деганидир.

Ҳозир биз ўрганаётган ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чет эллардаги баъзи давлат бошлиқларига юбормоқчи бўлган мактубларини тасдиқлаш учун муҳр босиш зарурати туғилиб қолганда узук қилдирган эканлар.

Шундан кейин у зот ўша узукни тақиб юрганлар ва бирор ҳужжатни муҳрлаш лозим бўлиб қолса, қўлларидан чиқариб туриб, у билан муҳрлаганлар.

Эътибор берадиган бўлсак, ушбу ҳадиси шариф Исломнинг халқаро дипломатиясининг биринчи қадамлари қандоқ бўлгани ҳақида ҳикоя қилаётганини кўрамиз.

Ислом давлати қарор топиб, атрофдаги қабилалар Исломга киришни бошлаган даврда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ажамларга мактуб юбориб, уларни Исломга чақирмоқчи бўлганлар. Ана ўша ишга қўл урила бошлаганда баъзи хабардор кишилар халқаро алоқалардаги подшоҳларга мактуб юборишда ҳисобга олиниши лозим бўлган қоидаларни эслатдилар.

Араблар ўқиш-ёзишдан бехабар, бировга мактуб ёзиш хаёлига ҳам келмаган бир халқ эди. Шунинг учун уларда бу борада бирор тажриба бўлиши ҳам қийин эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида зикр этилган подшоҳларга элчилар орқали мактуб юборишга қарор қилдилар. У зот уларни ҳам Аллоҳнинг динига чақириш бўйича ўз зиммаларидаги масъулиятни адо этмоқчи эдилар. Ана ўшанда ўзлари муомала қилмоқчи бўлган шахсларга таъкидли бўлиши учун элчиларга қўшиб мактуб ҳам юбормоқчи бўлдилар. Биладиган кишилар муҳрсиз мактубни подшоҳлар қабул қилмасликларини айтиб, бу ишни самарали чиқишига ўз ҳиссаларини қўшмоқчи бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўринли ва фойдали маслаҳатларидан тўғри фойдаландилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чет элларга мактуб юборганлари.

2. Бошқа дин ва давлат вакиллари ила алоқа қилишда уларнинг урф-одатларини эътиборга олиш кераклиги.

3. Мактуб, ёзув воситаси билан ҳам Исломга даъват қилиш зарурлиги.

4. Халқаро алоқаларни олиб боришда халқаро қоидаларга амал қилиш жоизлиги.

5. Ёзилган ҳужжат муҳр ила тасдиқлаш кераклиги.

6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужжатларни тасдиқлаш учун тутган муҳрлари узукда бўлгани.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид