Расулуллоҳ алайҳиссаломни севмайдиганлар!

Расулуллоҳ алайҳиссаломни севмайдиганлар!

imon.uz 2022-12-09 02:06:56 253

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ҳар йили мавлид ойида мусулмонларнинг севимли пайғамбари Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуни севмайдиганлар жамоаси мусулмонлар орасида ҳам бош кўтариб, ғимирлаб қолишади. Ҳа, ғайримуслим, кофир ва мушрикларни у ёқда қўйиб туринг, миллион-триллион афсуслар бўлсинки, мусулмонларнинг ўзлари томонидан севимли пайғамбарлари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг обрўлари ва ҳурматларини пасайтиришга уруниш, у зотни севмасликларини ёққол ифода қилиш, сохта муҳаббатларини кўрсатиб қўйиш ҳоллари бўлиб турибди:

Бугун “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!” калимасини-да яхши айта олмайдиган умматга, ўзларининг оламларга раҳмат бўлмиш пайғамбарини тўлиқ танимайдиган оломонга билдириш ва англатиш мақсадида ҳар йили Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидлари – туғилган кунларини нишонлаб, шу баҳонада ул зоти шарифни бу охирзамон умматларига танитишни, англатишни йўлга қўйганларни айблайдиган, мавлидни бидъат, залолат, ҳаққоний қабоҳат, ҳаром иш деб оламга жар солаётганларга бир қаранг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мавлид ойида эслаб, ул зотни мадҳ қилиб, наътларини, саловатларини мавлид баҳона оламга ёймоқни мақсад қилганларнинг ишларини бидъат ва ҳаромга чиқараётганларга бир боқинг!

Бугун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли шаҳарлари бўлмиш Мадинани – ул зоти шариф томонларидан ҳарам дея кўрсатма берилган жойни “Бу ҳарам эмас!” деб фатво берганларини эшитганмисиз?! Мадинаи мунавварада ҳарам йўқ, бу ҳақида айтилган ҳадисларнинг ҳаммаси заиф деб ҳукм чиқарганларини эшитганмисиз?! Бутун дунё мусулмон уламоларининг норозилиги сабабли саудия подшоҳи ўзини “Икки ҳарам ходими”, деб эълон қилган эди.

Бугун эса, ўша наждлик (саудиялик) олимларнинг асарларини ўқий-ўқий, боши айланганлар – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари олдида бомба портлатиб, ўз-ўзини ва аниқ мусулмонлиги кўриниб турган мўъмин-мусулмонларни ўлдириб юборганлар ўзларини мусулмон, деб аташаётганларига бир боқинг!

Бугун севимли пайғамбаримиз Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига зиёратга борилмайди, ким ана шу зиёратни ният қилиб уйидан чиқса, ҳаром ва бидъат иш қилган бўлади, деб туриб шармандали фатво бераётганларга бир қаранг! Мадинаи мунавварага борса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари зиёратини хушламайдиганлар, уни зарурий амал деб билмайдиганлар, муборак қабрларини тамоми ихлос ила зиёрат қилувчиларга истеҳзо билан қараб турганларга бир боқинг!

Бугун оламларга раҳмат бўлмиш Пайғамбари охирзамон соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида ҳурмат ва таъзим билан туришни, саломлар бериб, ул зоти шариф билан бир замон ҳамнафас бўлишни истаётган, у ерда дуолар қилиб, Аллоҳдан ўз истакларини амалга оширишни сўраётган одамларни уриб-сўкиб, “бу залолат бир бидъат!”, “Бу катта ширк!”, “Мана бу қабрпарастлар йўқолсин!” деб дўқ ураётганларга бир боқинг!

Бугун қабристон орасидаги масжидларда намоз ўқиш мумкин эмас, деб туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрларининг Масжиди набавийнинг ичида эканига ич-ичдан норози бўлиб, уни хатога чиқараётган; бунинг учун минг йиллик мусулмонлар ва уларнинг уламоларини айблайдиган; ҳатто энг катта “муҳаддиси” бир эмас, бир неча асарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрларини Масжиди набавийдан чиқариб ташлаш ҳақида сафсата сотган ва уни ўзларига бош “муҳаддис” қилиб олганларга бир қаранг!

Бугун сафарларга чиққанда суннат намозларини ўқиш бидъат ва ҳаром дея ҳатто севимли пайғамбаримиз Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳ-ул-оламина фидоҳунинг шаҳарларига келиб туриб ҳам, ҳатто ул зотнинг муборак Масжиди набавийларида ибодат қила туриб ҳам суннат намозларини ўқимаётган бефайз ва бепарво умматларга бир қаранг!

Бугун севимли пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тааллуқли маконларни йўқ қилишга урунаётган, ширки акбар дея йўқ қилиб юборганларга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари, мўйи мубораклари, идишларини ёки калишларини зиёрат қилишни, табаррук санашни эса ростакамига ширк деб баҳолаётганларга бир қаранг!

Бугун менинг севимли пайғамбарим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё, Расулаллоҳ!” дея мурожаат қилаётган ва кўз ёшлари ила саловат айтаётган ёхуд намозлардан сўнг ўтириб қолиб, саловатлар айтиб туриб кетувчи ихлосли мўъминларга: “Сенинг бу ишинг ширкдир, залолатдир, бидъатдир!”, дея таъна қилаётган, лекин, ўзларини бирор марта ихлос ила саловат айтишаётганини кўрмайдиганингиз, янги тоифаларга бир боқинг!

Бугун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насл-насабларидан бўлган, асрлар давомида ҳурмат-иззатда бўлиб келган, шоҳлар-да, хонлар-да уларнинг обрўларини сақлаб келган саййидзодаларни беҳурмат қилаётган, эшон боболарни ул зоти шарифнинг авлодидан эмас, деб туриб таъна-дашном қилаётган ўзлари ҳурматсиз ва обрўсиз одамларга бир қаранг!

Бугун Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Муҳтарам Ҳабибим ва Мукаррам Пайғамбарим, руҳий ва руҳ-ул-оламина фидоҳунинг асрлар давомида амал қилиниб келаётган, ишониб келинаётган жонфидо ҳадиси шарифларини заифга ва ҳатто мавзуъ (сохта)га чиқараётган, ҳадеб саҳиҳлигига шубҳа билдираверадиган, амалдан қолдиришни хоҳлайдиган, ўзлари эса энг саҳиҳ ҳадисларга ҳам амал қилишдан қочадиган янги “ҳадисшунос”ларга бир қаранг!

Бугун Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳунинг меросхўрлари, ҳаққоний уламоларнинг олдин ўтганларини ҳам, яқинда дунёдан ўтиб, вафот қилиб кетганларини ҳам, ҳозирда ҳаёт бўлиб, исломга, диннинг ривожига бақадри имкон хизмат қилаётган олимларни, исломнинг кўринишини сақлаб турган аҳли илмларни-да ҳақорат қилиш ва масхара қилишни ўзларига касбу кор қилиб олган, яна ўзларини ҳақиқатгўй тақводор мусулмон қилиб кўрсатаётган “билармон”ларга бир қаранг!

Уларнинг бу ерда зикр қилинган ишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат изларини кўраяпсизми? Бу ерда муҳаббат борми? Уларни шунча ишлари, фикрлари билан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севишларига ишона оласизми?! Шунча гапдан кейин ҳам уларга ишонасизми?!

Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳунинг ҳаққи-ҳурматлари, ана ўшалар ул зоти бобаракотни севмайдиган ношуд мусулмонлардир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севмайдиганлар ана ўшалардир! Сиз улардан огоҳ бўлинг! Сиз улар сафига қўшилиб қолманг! Сиз сира улар фикрига қўшила кўрманг!

Билмасангиз, билиб қўйинг: ана ўшаларнинг ҳаммаси бугун ваҳҳобий, “салафий”, бемазҳаб, янги зоҳирий деб аталаётганлардир!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севмайдиганларни билиб олмоқчи бўлсангиз, уларнинг фатво, мақола, фикрларига бир боқинг! Уларнинг фатво, мақола ва фикрларида юқорида бирма-бир саналганларни топасиз. Уларни бир кузатсангиз, улар ўзларининг фатво, мақола, фикрларига нуқул Ибн Таймия, Ибн Қаййим Жавзия, Ибн Абдулваҳҳоб (унинг номини Муҳаммад ат-Тамимий деб ёки бошқачароқ ёзиб Сизни алдашлари мумкин), Фавзон, Усаймин, Ибн Боз ва Албоний кабиларнинг номларини қўшишни шараф деб биладиганлар ва шунга урунадиганлар эканини кўрасиз. Агар улар шундай бўлиб чиқмаса, мени айбланг! Диққат қилсангиз, ҳаммаси равшан бўлади ва Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севмайдиганлар, ул зоти шарифнинг обрўларини пасайтиришга урунадиганлар жамоасидан огоҳ бўласиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга битмас-туганмас саловотлар бўлсин! Ҳаққоний муҳаббатимиз ул зот билан дийдор кўришгунча бардавом бўлсин!


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид