Расулуллоҳнинг Рамазондаги бир кунлари

Расулуллоҳнинг Рамазондаги бир кунлари

imon.uz 14-03-2025 8

Муборак ой келгач, Набий алайҳиссалом саҳобаларга унинг фазилатлари ҳақида сўзлаб берар, кеча ва кундузларни ғанимат билишга ундар эдилар. Рўзага доир шаръий ҳукмларни баён қилиб борар эдилар.

* * *

Саҳарликда бир нечта хурмо ёки оз миқдорда таом ва сув билан чекланар эдилар. Шунингдек, саҳарлик вақтини бомдодга қадар кечиктирар эдилар. У зот алайҳиссалом: “Саҳарлик қилинглар.Албатта, саҳарликда барака бор” (Имом Бухорий ривояти), дер эдилар. 

Саҳарликдан сўнг эллик оят тиловат қилгулик вақт миқдорида намоз ўқир, азон айтилгач, бомдоднинг суннатини уйларида ўқиб, фарзинимасжиддаадо этар эдилар. 

Масжидда қуёш чиққунига қадар зикр қилар, қуёш кўтарилиб, тахминан йигирма дақиқа ёки ундан кўпроқ вақт ўтгач, икки ракат намоз ўқир, мана шу суннатларни амалга оширган кишигаҳаж ва умра савоби берилишини айтар эдилар.

* * *

Набий алайҳиссалом Рамазонда янада сахий бўлиб кетар эдилар. Ҳатто саҳобалар у зот алайҳиссаломнинг яхшиликлари кўплигидан шамолга ўхшатишган.

Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо бундай дейди: “Набий алайҳиссалом яхшилик қилишда одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом билан кўришганларида яхшилик қилишда шамолдан ҳам саховатлироқ бўлардилар” (Имом Бухорий ривояти).

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига рўзғор юмушларида кўмаклашар, хусусан,Рамазонда кўпроқ  лутф кўрсатардилар. 

* * *

Шомга яқин кечки дуо ва зикрларни айтар, сўнг ифторлик қилардилар. Ифторликда янги етилган хурмо, агар топилмаса, қуруқ хурмо билан, мабодоу ҳам бўлмаса, бир неча ҳўплам сув билан оғиз очардилар. 

* * *

Ифтордан сўнг масжидда шом намозининг фарзини ўқиб, уйга қайтардилар. Шом суннатини уйда ўқир, сўнг оила аъзолари билан бирга суҳбат қурардилар. 

* * *

Хуфтонга азон айтилгач, масжидга чиқиб, хуфтон намозини ўқиб берардилар. 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалар билан масжидда таровеҳ намозини уч кун жамоат бўлиб ўқишди. Одамлар кўпайиб кетгач, умматларига бу намоз фарз бўлиб қолишидан қўрқдилар. Шундан кейин таровеҳ намози учун чиқмадилар. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу даврларида инсонлар таровеҳ намозини битта жамоат бўлиб ўқишди ва бу суннат ҳозирги кунгача сақланиб келмоқда.

* * *

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойида қадр кечасининг савобини топиш мақсадида эътикоф ўтирардилар. Бир марта Рамазоннинг аввалги ўн кунлигида, кейингисида  Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикофга кирдилар. Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунида экани маълум бўлгач, ўша вақтларда масжидда эътикофга кирадиган бўлдилар. Рафиқул аълога риҳлат қилгунларига қадар шу ҳолда бардавом бўлдилар. Ҳаётларининг охирги йилларида йигирма кун эътикоф ўтирдилар. 

Ойша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: “Набий алайҳиссалом қачон (охирги) ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани бедор ўтказар ва аҳлларини уйғотар эдилар” (Бешовлари ривоят қилишган). 

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ лафзида: “Охирги ўнликда ундан бошқада қилмаган ижтиҳодни қилардилар”, дейилган. Қадр кечасида кўп дуо қилишни яхши кўрардилар. Термизийнинг “Сунан”ида Ойша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: “Эй Аллоҳнинг расули, қадр кечасини топсам, қандай дуо қилай?” дедим. У зот: “Аллоҳумма иннака ъафуввун каримун, туҳиббул ъафва фаъфу ъаннии”(Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчи, Карим зотсан. Кечиришни яхши кўрасан, мени афв эт),деб айт.

Охирги ўн кунида аҳл-оилаларини ҳам ибодатга уйғотардилар. Уларни ухлаётган ҳолатида қолдирмасдилар. Бу билан барча эркакларга оиласини дунё ишларига эмас, балки Аллоҳнинг тоатига рағбат қилдиришга ҳарис бўлишда ўрнак бўлганлар. Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз” (Таҳрим сураси,6-оят).

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид