130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Тақво ва таваккул
imon.uz 01-07-2020 1012“Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (ўлчов) қилиб қўйгандир” (Талоқ, 2-3).
Саълабийга кўра, кўпгина муфассирлар ушбу ояти каримани Молик ибн Авф Ашжаъий ҳақида нозил бўлган, деган фикрни илгари сурадилар.
Жобир бин Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади. Fайридинлар Молик ибн Авф Ашжаъийнинг Солим исмли ўғлини асир қилиб олиб кетди. У Расулуллоҳ (с.а.в.)га фақир эканидан шикоят қилди ва: “Эй Аллоҳнинг расули, ўғлимни душманлар асир қилиб олиб кетди, онаси бунга чидолмаяпти, менга нимани амр қиласиз?” деди. Пайғамбар (с.а.в.) бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил. Сенга ҳам, онасига ҳам “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”ни кўп-кўп такрорлашни буюраман”. Молик уйига қайтиб, аёлига бу гапларни еказди. Аёли бундан хурсанд бўлди, икковлашиб ўша сўзларни такрорлашга киришишди.
Душман бир марта уларнинг ўғлини пойлашдан ғафлатда қолди. Ўғил (фурсатдан фойдаланиб) душманларнинг қўйларини олдига солиб отасининг олдига келди. У олиб (қочиб) келган қўйларнинг сони тўрт мингта эди. Шунда мана шу ояти карима нозил бўлди. Пайғамбар (а.с.) қўйларни унинг ўзига бердилар.
Муқотилнинг ривоятида айтилади: “Солим бир миқдор қўй ва баъзи нарсларни қўлга киритди. (Молик Ашжаъий) Пайғамбар (а.с.)га “Ўғлим олиб келган нарсалардан ейиш менга ҳалолми?” деб сўраганида, у зот (а.с.): “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди”.
“Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга чиқиш йўлини (пайдо) қилур”.
Ибн Аббос (р.а.) ояти кариманинг “чиқиш йўли” қисмини “дунё ва охиратдаги ҳар турли ташвишлардан уни қутқаради”, деб тафсир қилганлар.
Али ибн Солиҳга кўра, “чиқиш йўли” Аллоҳ таолонинг ўша бандага ризқ бериш билан уни хушнуд этишидир.
Калбий оятни бундай тафсир қилади: “Ким мусибат пайтида сабр қилиб, Аллоҳдан қўрқса, Парвардигор унга дўзах оташидан жаннат сари бир чиқиш йўли кўрсатади”.
Абул Олия оятни: “Турли машаққат ва ташвишлардан чиқиш йўли”, дея шарҳлаган бўлса, Рабиъ ибн Ҳайсам: “Одамни сиқадиган ҳамма нарсадан унга чиқиш йўли кўрсатади”, шаклида тафсир қилган. Ҳусайн ибн Фазлга кўра, оят тафсири бундай: “Ким фарзларни адо этиш борасида Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳ унга жазоланишдан қутулиш йўли кўрсатади”.
“Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур”. Яъни савоб ёзади, унга берган неъматларини баракотли қилиб қўяди.
Саҳл ибн Абдуллоҳ айтади: “Ким суннатга риоя қилиш хусусида тақво қилса, Аллоҳ уни бидъат аҳли билан жазога тортилишдан қутқариб, муаммодан чиқиш йўлини кўрсатади ва унга кутмаган жойидан ризқ сифатида жаннатни беради”.
Оятни, шунингдек, баъзи уламолар бундай шарҳлаганлар: “Ким ризқ хусусида бошқа сабабларга боғланишни бир четга йиғиштириб, Аллоҳдан қўрқса, У бошқаларга муҳтож бўлмаслик борасида унга бир чиқиш йўли кўрсатади”.
Умар бин Усмон Садафий айтади: “Ким Аллоҳдан қўрқса”, яъни У белгилаб берган чегарадан чиқмай, Унга исён қилиш саналадиган ишлардан узоқ турса, унга Аллоҳ таоло ҳаромдан ҳалолга, тангликдан кенг-мўлликка ва дўзахдан жаннатга ўтиши учун “чиқиш йўли пайдо қилади ва унга умуман кутмаган ва “умид қилмаган жойидан ризқ беради”.
Абу Зарр (р.а.) айтадилар: Пайғамбар (с.а.в.) бундай марҳамат қилдилар: “Мен шундай ояти карима биламанки, агар одамлар унга ҳақиқий амал қилишса, оят уларга кифоя қилади”. Кейин Абу Зарр “Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур” ояти карималарни ўқидилар ва уни бир неча марта такрорладилар (Абу Нуъайм, “Ҳиля”).
Ибн Аббос (р.а.) айтади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) “Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур”, оятини ўқиб, ундаги “чиқиш йўли”ни “Дунё шубҳаларидан, ўлимнинг даҳшатларидан ва Қиёмат кунининг шиддатларидан қутулиш йўли”, деб изоҳлаганлар (Дайламий ривояти).
Имрон ибн Хусайн (р.а.)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай марҳамат қилдилар: “Ким ҳаммадан умидини узиб, фақат Аллоҳга умид боғласа, Аллоҳ таоло унинг ҳар турли эҳтиёжини ва ризқини кутмаган еридан етказади ҳамда бировларга муҳтож бўлишдан қутқаради. Ким умидини дунёга боғласа, Аллоҳ таоло уни дунёси билан ёлғиз ташлаб қўяди” (Табарий ва Байҳақий ривояти).
Ибн Аббос (р.а.) ривоят қиладилар. “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай марҳамат қилганлар: “Ким кўп истиғфор айтиб юрса, Аллоҳ таоло унга ҳар турли эҳтиёжлардан қутулиш, ҳар қандай тангликдан чиқиш йўли кўрсатади ва кутмаган еридан ризқлантиради” (Абу Довуд ва Ҳоким ривояти).
“Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар”.Яъни ким ишини Аллоҳ таолога ҳавола қилса, унга қийин бўлган барча хусусларда Аллоҳ таоло унга кифоя қилади.
Ояти карима бундай ҳам шарҳланган: “Ким Аллоҳдан қўрқиб, гуноҳ-маъсият ишлардан узоқ бўлса ва Аллоҳга таваккул қилса, охиратда бериладиган мукофот унга кифоя бўлади”.
“Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир”.Масруқ айтади: “Бу оятда Аллоҳ таоло ўзига таваккул қилган кишиларнинг ажри ҳақида сўз юритган. У Ўзига таваккул қилганларнинг гуноҳларини яшириб, мағфират қилади ва берадиган мукофотини кўпайтиради”.
Рабиъ ибн Ҳайсам айтади: “Аллоҳ таоло ўз зоти ҳақида шундай дейди: Ким Аллоҳга таваккул қилса, уни бошқаларга муҳтож бўлишдан қутқаради; Ким Унга имон келтирса, Аллоҳ уни ҳидоятга етаклайди; Ким Унга қарз берса, қийматини ўтайди; Ким ўзини Унга ишониб топширса, уни асрайди; Ким Унга дуо қилса, ижобат қилади. Аллоҳ таолонинг Китобида буларнинг тўғрилигини тасдиқловчи оятлар бор”.
Миролим Мансур тайёрлади