Бахмал туман марказий масжидига илк ғишт қўйилди

Бахмал туман марказий масжидига илк ғишт қўйилди

imon.uz 11-07-2021 454

«Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар» деб марҳамат қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

«Ким бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда шунинг мислини қуриб беради», деб марҳамат қилган Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, буюк алломалар юрти бўлмиш қадим Мовароуннаҳр юртимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш яна одатий жараёнга айланиб бормоқда. Ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани ҳақида хушхабарлар келиб турибди.

Бугун 11 июль куни Жиззах вилояти Бахмал туман марказидан қурилаётган «Жаббор ўғли Жумағул» жоме масжидининг илк ғиштини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар Қаюмов домла бошчилигидаги бир гуруҳ дин пешволари, имом-хатиблар масжид қурилишига ташриф буюриб, иш жараёни билан танишдилар, масжид ҳайъати ҳамда барча усталар, масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча юртдошларимизнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Қуръон тиловат қилингач, бу масжиднинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, таровеҳлар, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар қилинадиган саждагоҳ бўлишини, моддий ва маънавий обод бўлишини, мўмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодат қиладиган байтуллоҳ бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилинди. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар Қаюмов домла масжиднинг илк ғиштини табаррукона қўйиб бериб, унинг қурилишига оқ фотиҳа бердилар.







Аллоҳ таоло бу кунда қилинган барча хайрли дуоларни ижобат айласин, масжидимизнинг тез кунларда ишга тушиб, саждагоҳга айланишини насиб қилсин, бу эзгу ишга бош қўшган, камарбаста бўлган, моддий ва маънавий ёрдам қилган, уни қурган, қурилишга раҳбарлик қилган, озми-кўпчи ҳисса қўшган барча азизларимизга муносиб ажру мукофотлар ато қилсин!

 

Imon.uz матбуот хизмати

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид