130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ҳадис шарифларда эътиқод соғломлиги бўйича кўрсатмалар
imon.uz 30-05-2020 762 Ҳеч шак –
шубҳа йўқки, Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини – Исломнинг ҳукмлари ва
таълимотларининг асосий манбаси Қуръон Каримдир.
“Ҳадис” араб тилида “гап - сўз” маъносини англатади. Ислом
динида ҳадис деганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап –
сўзлари тушунилади.
Ҳадис илми
билан шуғулланувчи олимни муҳаддис дейилади.
“Суннат” сўзи эса, араб тилида “тариқат – маънавий йўл” маъносини англатади. Шундан келиб чиқиб,
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, деганда у зотнинг ҳаётини,
йўлларини тушунамиз.
Соғлом ақл эгалари Суннат Қуръондан кейинги иккинчи
асос эканини аниқ биладилар.
Исломда эътиқод масаласи энг нозик масала эканлиги ҳаммага
маълум. Айни ана шу эътибордан Аллоҳ таоло ақиданинг асл масалаларини, бошқача қилиб айтганимизда
рукнларини Қуръон Карим орқали собит қилгандир. Чунки, бу соҳада бир сўз билан
кишининг иймони куфрга, жаннати дўзахга айланиб кетиши мумкин.
Албатта кишиларни Исломга, иймонга, шариатга амал
қилишга, одобли – ахлоқли, бўлишга чақиришга ва гуноҳдан, ёмонликдан,
қабоҳатдан қайтаришда Қуръони Каримдан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи
васалламнинг Суннатлари иккинчи жуда муҳим манбадир. Ҳадисларда ажойиб
насиҳатлар, амру маъруфлар, қайтариқлар, қўрқитишлар, танбеҳ ва огоҳлантириш
каби ҳамда зарур илмлар мавжуд. Бу иш
билан шуғулланадиганлар ўзлари учун керакли ҳадисларни қайси китоблардан олиш
кераклигини яхши билиб олишлари лозим.
Минг афсуслар бўлсинким, баъзан кўплаб заиф ва сохта
гаплар ҳадис сифатида китобларимизга кириб қолган.
Шунинг бирор нарсани ҳадис, деб айтишдан олдин уни
яхшилаб текшириб кўриш лозим.
Масалан, кўпчилик орасида “Ватанни севмоқ
иймондандир” деган гап ҳадис деб тушунилади, айтилади ва ёзилади. Лекин, бирор
киши уни ким ривоят қилганини, қайси китобда келтирилганини айта олмайди.
Аслида эса у гап ҳадис эмас, исломий ҳикматлардандир. Кишиларни тарғиб қиламан
деб ҳадис бўлмаган нарсани ҳадис, деб айтиши, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга
нисбатан ёлғон тўқиш катта гуноҳ эмасми?!
Динда адашишликлар, эътиқодда тойилишлар ёлғон тўқима
ҳадисларга ишонишдан ёки ҳадисни тан олмасликдан баъзан ҳадисни нотўғри талқин
қилишдан содир бўлмоқда.
Қуйида соғлом эътиқод асосларига далил бўла оладиган саҳиҳ
ҳадислардан намуналар келтирамиз:
1.
Абу
Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи
васалламга келиб: “Мени жаннатга киритадиган бир амални ўргатинг”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга бирон нарсани шерик келтирмасдан
ибодат қиласан. Фарз бўлган бешвақт намозни ўқийсан. Фарз бўлган закотни
берасан. Рамазон рўзасини тутасан”, - дедилар. У одам: “Жоним қўлида бўлган
Зотга қасамки, бу айтганингизга бирон нарса қўшмайман ва ундан камайтирмайман”,
деди ва кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат аҳлидан бўлган одамни
кўрса қалби қувонадиган одам шу кишига қарасин”, дедилар. Муттафақун
алайҳ.
Демак, баъзи бузғунчи
кимсалар каби жиҳодни, ҳижратни фарз айн сифатида талқин қилишлари хато ҳисобланади.
2.
Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мусулмон – бошқа мусулмонларга қўли билан
ҳам, тили билан ҳам, зарар етказмайдиган одамдир. (Комил) мўмин – одамлар ўз
жонлари – қонлари ва молларини ундан дахлсиз – омон топган кишидир”. Имом
Термизий ва Насоий ривоят қилдилар. Имом Байҳақий “Шуабил Иймон” китобларида: “Ҳақиқий
мужоҳид (катта жиҳод қилувчи) ўз нафсини Аллоҳга итоат қилишда қийналган
киши. Ҳақиқий мухожир (яъни ҳижрат қилувчи) эса (катта ва кичик) хато ва
гуноҳлардан қочган одам, дедилар”, деб зиёда қилдилар.
3.
Абдуллоҳ
ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ
ҳузурида қайси гуноҳ каттароқ?” – деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ибодат ва дуода Аллоҳга ширк келтирмоғинг, ваҳоланки У сени яратган эди”. Сўнг
қайси гуноҳ? - сўради. “Сен билан бирга овқатланишидан қўрқиб болангни
ўлдирмоғинг”, - дедилар. Сўнг қайси гуноҳ? – давом этди киши. “Қўшнининг жуфти
ҳалоли билан зино қилмоғинг”, - дедилар. Аллоҳ таоло бу сўз тасдиғига: “Улар
Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо – илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни
ҳаром қилган бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан
биронтаси)ни қилса уқубатга дучор бўлур”,
оятини туширди. (Фурқон, 68 – оят).
4.
Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло менинг умматимдан қалбида содир
бўлган шайтон васвасасини кечирди, ўша ишни қилмаслиги ва у ҳақда гапирмаслиги
шарти билан”, - дедилар. Муттафақун алайҳ.
Хулоса қилиш мумкинки,
Ҳадисшунослик жуда ҳам муҳим ва нозик илм бўлиб, ҳадислардан ҳукм чиқариш учун
араб тили луғати, грамматикаси қоидаларини билишдан ташқари фиқҳ илмидан ҳам
хабардор бўлиш лозим. Бу ўринда мужтаҳидларимиз Имоми Аъзам, Имом Молик, Имом
Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал каби зотларнинг илмларидан бохабар бўлмоқ лозим бўлади. Эътиқод бобида
адашмаслик учун ақида имомлари Абу Мансур ал - Мотуридий ёки Абулҳасан ал -
Ашъарий эътироф этган ҳадис шарифларга
амал қилмоқ лозим бўлади.
ЎМИ Жиззах вилоят вакили ўринбосари
Ботирхон
Рўзиев