Ислом динидаги бағрикенгликни фиқҳий мазҳаблар орасида зоҳир бўлиши

Ислом динидаги бағрикенгликни фиқҳий мазҳаблар орасида зоҳир бўлиши

imon.uz 25-05-2020 963

а) Мазҳаб ва мазҳаббошилар

“Фиқҳ” сўзи луғатда бир нарсани нозик ерларигача чуқур тушуниш демакдир.

Уламолар истилоҳида эса шаръий далиллардан амалий ҳукмларни чиқариш “фиқҳ” деб юритилади.

“Мазҳаб” сўзи луғатда чирой, гўзаллик ҳамда юриш, бориш, кетиш деган маъноларни билдиради.

Истилоҳда эса бир олим ёки илмий мактабнинг тартибга солинган услуб ва фикрлари мажмуаси мазҳаб дейилади.

Ислом фиқҳи имомларидан бирининг илмий асосларда чиқарган ҳукмлари йиғиндиси фиқҳий мазҳаб дейилади ва у инсон мужтаҳид деб аталади.

Ҳар бир мужтаҳид Қуръон, Суннат ва бошқа шаръий далилларнинг манбаларидан шаръий ҳукмларни чиқаришда ўзига хос илмий қонун ва қоидаларига амал қилади. Буларсиз ижтиҳод бўлиши мумкин эмас.

Мусулмонлар оммасига кенг тарқалган, шогирдлари ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар “фиқҳий мазҳаб соҳиблари” деб тан олинган. Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан “расмий фиқҳий мазҳаблар” деб тан олинган. Булар қуйидаги мазҳаблар:

1.                Ҳанафий мазҳаби.

Шом, Туркия, Туркистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Ўрта Осиё ва бошқа юртларда кенг тарқалган.

2.                Шофеъий мазҳаби.

Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд ва Африканинг баъзи давлатларида тарқалган.

3.                Моликий мазҳаби.

Либия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва Африканинг бошқа давлатларида тарқалган.

4.                Ҳанбалий мазҳаби.

Арабистон ярим оролида тарқалган.

 

б) Ихтилоф одоби

Фақиҳлар орасида ихтилоф содир бўлиши табиий ишдир. Ихтилофларни юмшатиш учун уларнинг ўртасида пайдо бўладиган хилофларни одоб билан йўлга қўйилиши зарур. Ихтилоф одобига риоя қилиш зарур ва юксак одоблардан бўлиб, унинг қадрини, илмий даражасини юксак кишиларгина тушуниб етадилар! Демак, одоблар қуйидагича:

- Тақво, Аллоҳ таолодан қўрқиш ва ҳавои нафсга эрк бермаслик.

- Бошқалар ҳақида яхши гумонда бўлиш.

- Масалада лутфли бўлиш ва хилофда юмшоқ бўлиш.

 -Қарши тараф ҳақида ҳукм чиқаришдан олдин унинг далилларини ўрганиш.

- “Билмайман”, дейиш илмнинг ярми.

- Мўътадил бўлиш ва мутаассибликни тарк қилиш.

- Ўзининг камчилигини тан олиш.

- Ҳақ зоҳир бўлганда, унга қайтиш ва бўйсуниш.

- Қарши тараф айтмаган гапни айтди, дея тухмат қилмаслик.

- Қарши тараф айтган гапнинг ўзини нақл қилиш ва воситачилардан четланиш.

- Уламоларнинг қоқилиши пайида бўлиш эсипаст, пасткашлар ишидир.

- Таъвилнинг эҳтимоли бор гапларда мухолифни фосиққа ёки бидъатчига чиқариш жоҳилликдир ва ҳоказо...

Ушбу қоидаларга амал қилиб, фақиҳлар бир – бирларининг ҳурматларини жойига қўйганлар ва илмнинг ривожига катта ҳисса қўшганлар. Ушбу одоблар доирасидан чиққанларни қаттиқ қоралаганлар.

Тўрт мазҳаблар – ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалийлар – фиқҳий масалаларда дастлаб Қуръони Каримга мурожаат қилишга чақирган ва ўзлари бу масалада ҳаммага ўрнак бўлганлар. Қуръони Каримга мурожаат қилиб, ҳукмни топа олмасалар, суннатга мурожаат қилишга чақирганлар. Учинчи манба қилиб Ижмоъни олишган.

Мўътабар фиқҳий мазҳаблар Ижмоъни шаръий аҳкомларнинг учинчи манбаси қилиб олиш ила ўзлари бирлашганлар ва мусулмон умматини ҳам бирлаштирганлар ҳамда турли тафриқалардан сақланиб қолишни йўлга қўйганлар. Тўртинчи манба қилиб қиёсни олишган.

Усулийлар истилоҳида “қиёс” деб шаръий ҳукми бўйича Китоб, Суннат ва Ижмоъда насс (матн) келмаган ишни ҳукмига ушбулардан бирида насс (матн) келган ишни баробар қилишдир.

Тўртта фиқҳий мазҳаблар қиёсни шаръий аҳкомларнинг тўртинчи манбаси қилишга иттифоқ қилишган ва мусулмонларни шунга бирлаштирганлар ҳамда турли тафриқалардан сақлаганлар.

Демак, мазҳаб одобга риоя қилинган ҳолда илмга асосланган, барча мусулмонлар ўртасида дўстлик ва меҳр оқибатни юзага чиқарувчи, бағрикенгликни ҳосил қилувчи илмий ғоялардир. Буларни йўққа чиқармоқчи бўлганлар дин ривожига болта урувчи адашган илмсиз фирқалардир.

 

в) Илму адаб бирлашса...

Инсон ягона Аллоҳга ибодати билан ҳаёт ва охиратини гўзал қилиш, қора ерни боғ-роғга айлантириш учун яралди. У замондоши, фарзандларига “қуш каби қусуқ эмас, қўй каби покиза сут бериши” лозим.

 Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларни тавҳидга даьват этиб, тош қотган кўнгилларни эритмоқ, фасод боғлаган хулқларни, қалбларни гўзал қилмоқ учун пайғамбарлик вазифасини адо этдилар. Мусулмонларга Аллоҳни севиш ва бу севги ила шарафланиб, одамлар, ҳайвонлар, ўсимликлар билан Аллоҳ рози бўладиган тарзда яшаш ва охиратда иймон ва муҳаббатли қалб билан жаннатга кириш йўлини ўргатдилар.

 Яхши муомала, гўзал одоб-ахлоқ инсон шаьнини юксалтиради. Ишонч ва муҳаббат кишини улуғлайди, қўполликлар шошқалоқлик ва илмни чала ҳазм қилишдан туғилади. Илмсизлик ихтилоф ва нифоққа бошлайди. Бундай инсон ўз нафсониятини устун қўйиб, бошқаларни менсимайди. “Менинг айтганим ҳақ, Сенинг қилмишинг менга ёқмаяпти. Мен билувчироқман. Мен гапирсам, сен жим тур!” деб такаббурликка кетади.

 Аллоҳнинг азиз бандалари Имом Аьзам, Имом Шофеьий, Имом Молик, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, (раҳматуллоҳи алайҳим) нақадар одобли инсонлар бўлишган. Улар илмлари ва одоблари ила такаббурлик чўққиларини ер билан яксон айлаб, тавозуь боғларида сайр этганлар. Шу боис улар турли ихтилофлардан ҳоли эдилар.

 Такаббур киши мардуд¸ яъни рад қилингандир. У яхшиликдан тўсилиб қолган. Такаббур одамга унинг бирор камчилигини айта оласизми? Йўқ! Чунки бундай қилсангиз, қалбидаги кибр тилига кўчиб, сизни инкор қилади ва нафси унга ғолиб бўлгани учун маънога эмас, балки хою ҳавасининг йўриғига кўра сўз юритади. Шундай такаббур киши Аллоҳ номидан сўзласа, Қуръон ва ҳадисдан гапирса-чи?! Аллоҳ асрасин!

 Мен ҳеч кимни такаббурликда айбламоқчи эмасман. Зеро, бирор кишини такаббурсан, дейишнинг ўзи такаббурлик бўлса керак. Мақсадим шуки, ҳар биримиз ўз-ўзимизга савол берсак, ўзлигимизга боқсак. Феълимизда кибрдан, манманликдан бир асар топсак, уни дарҳол тузатишга киришсак, ислох этсак. Ўзимиз суйган, эришган яхшиликларни бошқаларга ҳам раво кўрганимиздагина чинакам мусулмон бўламиз. Олий мақомдаги адаб шу эмасми?!

 Бани Исроил Мусо (алайҳиссалом)га: “Биз Аллоҳни кўрмагунимизча иймон келтирмаймиз”, деганида қанчалар адабсиз эдилар. Улар давомли тарзда шундай “билағон”, такаббур бўлишди. Оқибатда “мағзуб”, яъни ғазабга дучор бўлганлардан саналишди.

 Насронийлар эса шериги, жуфти бўлмаган қодир ва холиқ Аллоҳга “боласи бор” деб туҳмат қилишди. Бу гумроҳликлари боис “золлийн”, яъни адашганлар дея зикр қилинишди.

 Аллоҳ бир! Китобимиз бир – Қуръон, Қибламиз бир – Каъба, Пайғамбиримиз бир! Қабристон бир! Булар адаб йўлидаги маёқлардир.

 Қуёшга қаранг, ҳар куни бир дақиқадан бўлсада, йўлини узайтириб-қисқартириб, адаб сақлайди. Дарахт новдалари адаб билан, ҳаё билан барг ёзади, гул очади, мевасига маза беради, ранг бағишлайди. Қор учқунлари адаб билан ерга тўшалади, кипригимизга илашса, букмайди. Ёмғир миллиард тонналаб ёғса-да, ҳатто чумолини ҳам эзмай, ерни суғоради. Бу борлиқ ана шундай юксак адаб устига қурилган.

 Бир азиз зотга адабсизлик қилишди. Туҳматлар уюштиришди. Зулм кўчасида шайтонлар базм қурди. Одамлар қалбида васвасани кучайтирди. Шундай синов кунлари у зотнинг ҳузурларига боришиб:

- Кечагина сизга таъзим этиб юрган фалончи бугун ҳар жойда сизни ҳақорат қилмоқда. Ҳолбуки, ўзи илмсиз ва нодон кишидир,- дейишди.

- Аллоҳ ҳеч кимни адаштириб қўймасин,- деб жавоб бердилар у зот хотиржамлик билан.

- Олимларни пайғамбарларнинг меросхўрлари дейишади. Уларга фақатгина илм эмас, Пайғамбарларга хос машаққатлар ҳам мерос қолганмикан, а? – деб сўрашди тасалли беришган бўлиб.

- Бу воқеалар бўлмаса, бизга савоб қаёқдан келарди...

 Мана шу олий адаб ва чин муҳаббат, илм ва иймон мевасидир. Солиҳ бандаларни кўрганингизда Аллоҳ ёдингизга тушади, демишлар. Жоҳиллар юлдузларга тош отишади. Солиҳ инсонлар эса бундай синовларга чиройли сабр этиб, савоб топадилар, адаб сақлайдилар.

 

 

ЎМИ Жиззах вилоят вакили ўринбосари

Атабаев Абдумутал

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид