130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Исломда закот ва садақа масалалари
imon.uz 03-05-2020 913Закот – исломнинг бешта асосий устунларидан бири бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили Шаввол ойида рамазон рўзаси ва фитр садақасидан сўнг фарз қилинган. Қуръони каримнинг ўттиз икки оятида закот беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма етти жойда намоз билан бирга зикр қилинган. Бундай ҳол намоз билан закот ўртасидаги узвий бир алоқа борлигини кўрсатади. Аллоҳ таоло айтади:
яъни: “(Эй, мўминлар!) Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз, зора (шунда) раҳм қилинсангиз” (Нур сураси 56-оят).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
яъни: “Ислом беш асос устига қурилгандир. Улар: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва ҳақиқатда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасидир”, дедилар.
Закот берадиган киши мусулмон, озод, ақлли ва балоғатга етган бўлиши керак. Мусулмон бўлмаган, ақли заиф кишиларга ва болаларга закот фарз эмас. Мусулмон бўлмаган киши закот беришга масъул эмас.
Ҳанафий фуқаҳолар фикрига кўра, закот беришга масъул бўлиш учун ақлли бўлиш ва балоғат ѐшига етган бўлиши шартдир. Чунки ақли заиф кишилар ва болалар намоз ва рўза каби ибодатларни бажаришга масъул бўлмаганликлари сингари закот беришга ҳам мажбур эмаслар. Закот бу ибодатдир. Ибодатда масъуллик эса балоғатга етиш ва оқ-қорани ажратиш даврига етишиш билан бошланади.
Нисоб миқдоридаги молга эга бўлган мусулмон кўнгилдан закотини адо қилиши керак. Нисоб – Исломнинг бирор нарса ҳақида ўлчов, чегара ва аломат тайин қилган миқдоридир. Нисоб мол-мулкдан закот берилиши шарт бўлган миқдорни билдиради. Закот масаласида олтиннинг нисоби йигирма мисқол-85гр, кумушнинг нисоби икки юз дирҳам-595гр, йилнинг аксар қисмида яйловда боқиладиган қўй билан эчкининг нисоби қирқ, қорамолнинг нисоби ўттиз, туянинг нисоби эса бештадир.
Рўза ва ҳаж ибодатларида бўлганидек, закот масаласида ҳам қамарий ойга асосан амал қилинади. Закотнинг фарз бўлиши учун нисоб миқдоридаги молга қамарий бир йил ўтиши керак.
Закот берилиши керак бўлган ва унга бир йил ўтган молга эга бўлган киши, унинг закотини кечиктирмасдан бериши керак бўлади. Закот беришга масъул бўлган киши узрсиз ҳолда закотини кечиктирса, гуноҳкор бўлади. Чунки закот-одамларга берилиши керак бўлган бир ҳақдир, у камбағал кишининг эҳтиѐжини қондириш мақсадида фарз қилингандир. Тўланиш давридан кечиктирилса, фарз қилинишдан кўзланган мақсад тўла амалга оширилмаган бўлади.
Моли нисобга етган кишининг закотини йил тўлмасдан олдин ўз хоҳиши билан олдиндан бериб қўйилиши жоиздир. Чунки бундай пайтда киши закотнинг фарз бўлиш сабаби амалга ошгандан кейин тўлаётган ҳисобланади. Закот беришни йилнинг охирига қолдирилиши мол эгаларига қулайлик учундир. Шунинг учун камбағал кишининг бирор нарсадан олдин фойдаланишини таъминлаш мақсадида вақти келамасдан олдин ҳам закот берилиши мумкин. Бу ҳолат ҳали ваъдалашган вақт келмасдан қарзни узишга ўхшайди.
Закотни нисоб миқдоридаги моли бўлган бой кишига бериш мумкин эмас. Шунингдек закот берувчи ўзининг ота-онаси, бобо-момоси ва улардан юқоридагиларга, ўзининг ўғил-қизларига ва улардан пастдагиларга, эр-хотин бир-бирига закот бериши мумкин эмас.
Кимларга берган афзал эканлиги бўйича“Фатавои ҳиндия” китобида шундай жавоб берилган: “Закот, фитр ва назр садақаларини беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингилларга берилади агар эҳтиёжманд бўлса. Сўнг уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар сўнг уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар. Касбдошлар кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар.
Яна “Баҳрур роиқ”да: “Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир”, дейилган.
Закот бермаслик гуноҳи кабира. Закотни инкор қилган диндан чиқиб кофир бўлади. Лекин инкор қилмасдан зиқналик қилиб бермаган қаттиқ гуноҳкор бўлади.
Закот берувчи катта бир имтиҳондан ўтаётганини ҳис қилиб туриши лозим. Шунинг учун закотга молининг энг яхшисидан берсин. Аллоҳ таоло айтади:
яъни: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Молининг энг ҳалол-покидан берсин. Чунки ҳадиси шарифда: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир. Фақат пок нарсани қабул қилур”- дейилган (Имом Бухорий ривояти). Бераётган нарсасини оз санасин. Чунки берган нарсани катта санаш билан одамда мақтаниш ва ўзига бино қўйиш каби салбий иллатлар пайдо бўлиб амални бекор бўлишига олиб боради. Миннат қилмасин! Чунки бу билан фақир кўнглини синдириши ва ўз амалини бекор қилиб қўйиши мумкин. Аслида у фақирга эмас, фақир унга яхшилик қилган бўлади. Закотни беришга лойиқ одамни топиб берсин. Чунки ҳақиқатда ҳақли ўрнини топиб берса, садақанинг ажри ҳам шунга кўра етти юз баробар ёки ундан-да зиёда қилиб берилади. Закот олувчи инсон албатта закот берувчига ташаккур айтиб, унинг ҳаққига дуо қилсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларга шукр қилмаган киши Аллоҳга ҳам шукр қилмас”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам :
“Қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмонга кийим кийдирса,Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизур.
Қайси бир мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса ,Аллоҳ уни жаннат мевалари ила таомлантирур.
Қайси бир мусулмон сувсиз,чанқаган мусулмонга сув берса Аллоҳ азза ва жалла уни раҳийқи махтумдан сероб қилур”, дедилар.
Аллоҳ таола : “Ўзингиз яхши кўрган нарсадан инфоқ қилмагунингизча ҳеч қачон яхшиликка ноил бўлаолмассиз”,деган (Оли Имрон,92).
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига келиб:
“Эй Аллоҳнинг расули,қайси садақанинг ажри улуғдир”,деди.
“Ўзинг соғ-саломат,хирс қилиб туриб,фақирликдан қўрқиб туриб ва бойликни умид қилиб туриб садақа қилмоғинг......”, дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда тонг оттирганида икки фаришта тушади. Улардан бири: “Ё Аллоҳ, инфоқ қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт”, дейди. Иккинчиси “Ё Аллоҳ, хасис-зиқналарга талофат бергин” дейди”, дедилар.
Муқаддас ояти каримада таъкидланганидек, “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”. Биз эзгу ишларни қанча кўп қилсак, меҳр-оқибат кўрсатсак, Яратганнинг Ўзи бизни турли бало-офатлардан, ѐмонликлардан асрайди, куч-қувват ато этади, йўлимизни очиб беради.
Дўстлик тумани бош имом-хатиби
Абдурасулов Аҳмад