130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
МУСУЛМОНГА ЁРДАМ БЕРИШ
imon.uz 13-04-2020 3211Ўзгаларга ёрдам бериш ёки биродарининг ташвишини бартараф қилиш Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам томонларидан катта ажру савоб ваъда қилинган амалдир.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан бу ҳақида қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо бундай хабар қилади:
“Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ғамида бўлса, Аллоҳ унинг ғамида бўлади. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмондан бир ташвишни аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат кунида унинг айбини беркитади”, дедилар”.
(Имом Бухорий ривояти)
Бошқа ривоятда бундай дейилган:
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай хабар қилади:
“Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади”, дедилар”.
(Имом Бухорий ривояти)
Йўлини топа олмаётган кишига йўл кўрсатиш, юкларини кўтаришга кўмаклашиш каби халқ хизматига кирувчи барча амаллар ҳадисда назарда тутилган фазилатли ишлар доирасига киради. Инсонларнинг ҳожатини раво қилиш орқали киши Аллоҳ таоло ҳузурида фазилатли бандага айланади. Ҳадисда шундай дейилади:
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга энг кўп манфаати етадиганларидир”.
(Табароний ривояти)
Бошқа ҳадисда, бир аъробий Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб қуйидаги саволни беради:
“Инсонларнинг энг яхшиси бўлишни хуш кўраман”, деди. Ул зот: “Ин-сонларнинг энг яхшиси инсонларга манфаат берадиган кишидир. Сен уларга наф берувчи бўлгин”, дедилар”.
(Канзул-уммал)
Шу боис, кичик ёки катта бўлишидан қатъий назар одамларга хизмат қилишнинг ҳар қандай турини излаб юриш лозим. Бу билан инсон номаи аъмолидаги яхшиликлар захирасини кўпайтириб олади. Айни дамда, мусулмонни зулмдан сақлашга ҳаракат қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир. Ҳадиси шарифда бу борада шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг инисидир. Унга хиёнат қилмайди, ёлғон гапирмайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди. Ҳар бир мусулмоннинг обрўси, моли ва қони бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Тақво шундадир. Ёмонликдаги ўрнига қараб киши мусулмон инисини таҳқирлайди”.
(Имом Термизий ривояти)
Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
Жобир ибн Абдуллоҳ ва Абу Толҳа ансорийлардан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Бир киши мусулмоннинг обрўси топталаётган жойда уни ёрдамсиз қолдирса, Аллоҳ таолонинг нусратига муҳтож бўлиб турган ўринда, У зот уни ёр-дамсиз қолдиради. Бир киши мусулмоннинг обрўси топталаётган ва ҳурмати тўкилаётган жойда унда мадад берса, Аллоҳ таолонинг нусратига муҳтож бўлиб турган ўринда, У зот унга ёрдам беради”.
(Абу Довуд ривояти)
Ноҳақ мажбурият юкланганда ёки туҳмат қилинганида, ҳимоя қилиш ҳам мусулмонга ёрдам беришга киради. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким дўстининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг юзидан жаҳаннам оловини чекинтиради”.
(Имом Аҳмад ва Термизий ривоятлари)
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний
Миролим Мансур тайёрлади