130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
МУСУЛМОННИ ҒАЙРИДИНЛАР ҚАБРИСТОНИГА ДАФН ЭТИШ ҲУКМИ
imon.uz 2023-06-16 02:10:58 749Савол:
Хорижий ўлкаларда, бошқа дин вакиллари орасида тирикчилик важидан ишлаб юрган мусулмонлар Аллоҳнинг қазоси билан ўша ерда вафот этса-ю, бироқ унинг жасадини исломий ўлкалар анъанасига мувофиқ мусулмонлар қабристонига дафн этиш имкони топилмаса, ёки аксинча мусулмонлар диёрида мусофир бўлган ўзга дин вакилини мусулмонлар орасига дафн этишдан бошқа чора топилмаса, умуман олганда мусулмонни ғайридинлар қабристонига кўмиш ё аксинча ғайридинни мусулмонлар орасида дафн этишнинг ҳукми ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб:
Авваломбор, шариатимизда “الضروريات تتبيح المحظورات” (Заруратлар тақиқланган ишларни мубоҳ қилади) деган қоида бор. Шунга кўра, мусулмоннинг жасадини ғайридинлар орасига кўмишдан бошқа чора қолмаган вазиятда шариатимиз уни ўша ерга дафн этишга рухсат беради. Шунингдек, бошқа дин вакилларини ҳам иложсиз вазиятда мусулмонлар орасига дафн этиш мумкин. Бу фақатгина зарурат ва чорасизлик ҳолатларига доир ҳукм.
Аммо, умумий ҳукмга келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асри саодатларидан то шу бугунга қадар барча Ислом ўлкаларидаги анъанавий одат бўйича мусулмонлар ўзлари учун ажратилган махсус қабристонларда дафн этилиши шарт. Шунингдек, насоро, яҳудий, будпараст ва ҳоказо ғайридинларнинг ўликларини мусулмонлар ичига дафн этишга ҳам рухсат этилмайди. Чунки, мусулмонда у хоҳ тирик бўлсин ё ўлик бўлсин, ислом ва иймон ҳурмати, шарафи бор. Ғайридинлар орасига дафн этиш эса унинг ҳурматини ўрнига қўймаслик бўлади. Қолаверса, маййит қабр қўшнисининг азоби таъсиридан озорланади.
Имом Суютий “ал-Жоме ус-сағир”да 318 рақам билан қайдлаган ҳадисда шундай дейилган: “Маййитларингизни солиҳлар орасига дафн этинг. Чунки тириклар ёмон қўшнидан безор бўлгани каби, маййитлар ҳам ёмон қўшнидан озорланишади”. Абдурауф Муновий бу ҳадиснинг шарҳида Абдулҳақ раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидагича нақл қилади: маййит эгалари яқинларини табаррукан солиҳ ва яхши инсонлар орасига дафн этишлари яхши бўлади. Ёмон қўшниларнинг таъсиридан йироқ тутиш мақсадида уларнинг ёнига кўмишдан сақланишлари керак. (Файз ул-қадир. 1 – Ж. 230 — Б).
Шунга кўра, мусулмонларнинг муборак жасадларини кофирлар ётган бебарака ерга дафн этилмайди.
Мавзуга доир манбаларни ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, шофеъийлардан ташқари уч мазҳаб фуқаҳолари айнан шу масалани алоҳида ёритишга унчалик эътибор қаратмаганлар. Бинобарин, уч мазҳаб фиқҳий манбаларида мусулмонни кофирлар қабристонига дафн этиш ва унинг аксига доир сариҳ кўрсатмаларни жуда кам учратилади. Бироқ, шофеъий мазҳабли фуқаҳолар тарафдан ёзилган манбаларда дафн учун жой танлаш борасида кўплаб сариҳ далилларни кўрамиз:
1-) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлоси (озод қилган қули) Башир розияллоҳу айтадилар:
قال : كنت أمشي مع رسول الله صلى الله عليه وسلم فمر على قبور المسلمين فقال : لقد سبق هؤلاء شرا كثيرا ، ثم مر على قبور المشركين فقال : سبق هؤلاء خيرا كثيرا
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга юрганимда ул зот мусулмонларнинг қабристони ёнидан ўтдилар ва у ерда: “Булар жуда кўп ёмонликлардан олдин ўтиб кетишди”—дедилар. Кейин мушрикларнинг қабристонидан ўтдилар ва у ерда: “Булар жуда кўп яхшиликлардан олдин ўтиб кетишди”—дедилар. (Имом Насаий).
Ровийнинг сўзларига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам алоҳида-алоҳида икки қабристон ёнидан ўтганлар. Бу эса ўша даврдан бошлаб мусулмонларнинг қабристони мушрикларникидан ажратилганини билдиради. Саҳобалар даврида ҳам, тобеин ва табаъа тобеинлар замонида ҳам, кейинги мутаахир халафлар даврида ҳам мусулмонлар ўша анъанага содиқлик билан амал қилиб келишган. Бу эса муслумонлар билан ғайридинларнинг қабристони бошқа-бошқа бўлиши лозимлигига амалда сукутий ижмоъ собит бўлганини англатади. (Ҳанафий муҳаққиқларининг сўнггиларидан Аллома Олусий. “Руҳул-маоний”. Исро сураси 36).
2-) Қувайт давлатининг вақф ва диний ишлар вазирлиги томондан нашр этилган фиқҳ энциклапедиясида масалага доир қуйидаги маълумотлар бор:
اتفق الفقهاء على أنه يحرم دفن مسلم في مقبرة الكفار وعكسه إلا لضرورة .اما لو جعلت مقبرة الكفار المندرسة مقبرة للمسلمين بعد نقل عظامها إن كانت جاز، كجعلها مسجدا، لعدم إحترامهم. والدفن في غير مقبرة الكفار المندرسة أولى إن أمكن ، تباعدا عن مواضع العذاب ولا يجوز العكس بأن تجعل مقبرة المسلمين المندرسة مقبرة للكفار ، ولا نقل عظام المسلمين لتدفن في موضع آخر ، لاحترامها . .
“Мусулмонни кофирлар қабристонига дафн этиш, шунингдек, кофирнинг жасадини мусулмонлар қабристонига дафн этишнинг ҳаромлигига (тўрт мазҳаб) фуқаҳолар иттифоқ қилган. Лекин кофирларнинг шаръан ҳурмати йўқлиги учун уларнинг бузиб текислаб юборилган қабристонидан суяклари чиқариб ташланиб, мусулмонлар учун қабристонга айлантирилган бўлса, унда ҳам мусулмонларни дафн этиш мумкин. Худди ўша ерни масжид қилиш мумкин бўлгани каби. (Масжидун-набавий қурилган ер аслида мушриклар қабристони бўлган. Уларнинг суяклари чиқариб ташлангач Расулуллоҳ с.а.в. бошчилигида масжид қурилган). Агар имкони бўлса кофирларнинг бузиб ташланган қабристонидан бошқа ерга дафн этиш авлодир. Шунда азоб мавзесидан йироқроқ бўларди. Аммо юқоридаги ишнинг акси жоиз эмас. Яъни, мусулмонларнинг текислаб юборилган қабристонини кофирларга қабристон қилиб бериш. Шунингдек, мусулмонларнинг суякларини бошқа ерга кўмиш учун жойидан қўзғатиш ҳам жоиз бўлмайди. Чунки уларнинг ҳурмати бор.” (ал-Мавсуъат ул-фиқҳийя. 21 – Ж. 19 — Б).
3-) Шофеъийлардан ҳофиз имом Суютийнинг “Жомеус-сағир” асарига шарҳ ёзган Абдурауф Муновий (аш-шофиеъий) раҳматуллоҳи алайҳ маййит қабр қўшниларининг азобидан таъсирланмаслиги учун, уни солиҳ инсонлар орасига дафн этишга амр этилган ҳадис шарҳида шундай дейди:
ويحرم دفن مسلم في مقبرة كفار وعكسه
“Мусулмонни кофирлар қабристонига дафн этиш ёки кофирни мусулмонлар қабристонига дафн этиш мусулмонларга ҳаром бўлади”. (Абдурауф Муновий. Файз ул-қадир. 1 – Ж. 229 — Б).
4-) Ҳанафий муҳаққиқларидан Муҳаммадамин ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ мавзуга алоқадор қуйидагича масалани баён этган:
لا بأس بان يقبر المسلم في مقابر المشركين إذا لم يبق من علاماتهم شيء كما في خزانة الفتاوي، و إن بقي من عظامهم شيء تنبش و ترفع الاثار
“Агар мушрикларнинг қабристонида уларга доир аломатлар йўқ қилинган бўлса, у ерда мусулмонни дафн этишнинг зарари йўқ. “Хизонат ул-фатово”да шундай дейилган. Мабодо уларнинг суяклари қолган бўлса, (мусулмонни у ерга дафн этишдан аввал мушрикларга тегишли суяк ва жасадлар) ковлаб олиб ташланади”. (Радд ул-мухтор. 3 – Ж. 139 — Б).
Бунга кўра, ҳанафий мазҳабимизда ҳам мусулмонлар билан мушрикларни бир қабристонга аралаштириб дафн этиш мумкин эмас.
5-) Шофеъий уламоларидан имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Мажмуъ” асарида айтади:
اتفق أصحابنا رحمهم الله على أنه لا يدفن مسلمٌ في مقبرة كفار، ولا كافرٌ في مقبرة المسلمين
“Бизнинг (шофеъий) асҳобларимиз раҳимаҳумуллоҳ мусулмонни кофирлар қабристонига, кофирни эса мусулмонлар қабристонига дафн этилмайди, деб бироводан иттифоқ қилганлар”. (Имом Нававий. ал-Мажмуъ. 5 – Ж. 248 — Б).
6-) Шофеъий уламоларидан имом Ферузободий раҳматуллоҳи алайҳ айтади:
ولا يدفن كافر بمقابر المسلمين ولا مسلم في مقبرة الكفار
“Биронта ҳам кофирни мусулмонлар қабристонига дафн этилмайди. Шунингдек, кофирларнинг қабристонига ҳам ҳеч бир мусулмонни кўмилмайди”. (Ферузободий. “Муҳаззаб”. 1 — Ж. 254 — Б).
Юқорида тақдим этилган далиллардан хулоса олинса, Ислом иззати ила азиз бўлган мусулмонларни ғайридинлар орасида дафн этиш мумкин эмаслигини, шунингдек, насоро, яҳудий, будпараст ва ҳоказо бошқа дин вакилларининг ўликларини марҳум мусулмонлар оромгоҳларига олиб кириб кўмишнинг жоиз эмаслигини яққол англаш мумкин!