Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳақида башоратлари

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳақида башоратлари

imon.uz 2021-04-28 05:30:12 739

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи – саҳоба, тобеъин ва табъа тобеъинлардан иборат тўрт мингга яқин устозлар олдида таълим-тарбия олиб, Ироқ аҳлининг имоми, мужтаҳиди мутлақ бўлиб етишган, Аҳли сунна вал жамоанинг ярми эргашадиган мазҳаб туза олган буюк фақиҳдир!

Расули акрам, Набийи мукаррам ва Ҳабиби муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳақларида башорат қилганлар.

«Тафсири Жалолайн» соҳибларидан бири Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг маноқибига бағишланган «Табйиз ас-саҳифа» номли асарини мана шу башорат билан бошлаган:

Имом ал-Бухорий, Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳ ва бошқалар ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳоба Салмон ал-Форисий разийаллоҳу анҳуни ушлаб, бундай деганлар:

لَوْ كَانَ الْإِيمَانُ عِنْدَ الثُّرَيَّا لَنَالَهُ رِجَالٌ أَوْ رَجُلٌ مِنْ هَؤُلَاء

«Агар имон сурайё (юлдузи)да бўлса ҳам, булардан чиққан кишилар ёки бир киши унга албатта етади!». (Бухорий, 6/4897; Насоий, 5/8278; 6/11592; Аҳмад, 2/9396).

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоятида бу ибора билан келтирилган:

والذي نفسي بيده لو كان الإيمان منوطا بالثريا لتناوله رجال من فارس

«Жоним «яд»ида бўлган Зотга қасамки, агар имон сурайёга осиғлиқ бўлса, унга форслардан бўлган кишилар етишур». (Термизий, 5/3261; 3310; 3933).

Бошқа ривоятларда бу «сурайёда муааллақ ҳолда турса», деб келтирилган (Ҳоким, 4/8194; Ибн Ҳиббон, 16/7308; Табароний, 18/900).

Яна ушбу ривоят Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Абдурраззоқ раҳимаҳумуллоҳ ҳадислар тўпламларида бу тариқада келтирилган:

لو كان الدين عند الثريا لذهب به رجل من فارس — أو قال — من أبناء فارس حتى يتناوله

«Агар дин сурайё олдида бўлса, унга форслардан ёки форс болаларидан бир киши кетади, ҳатто унга етиб боради». (Муслим, 4/2546; Аҳмад, 2/8067; Абдурраззоқ, 11/19923).

لو كان الدين معلقا بالثريا لتناوله ناس من أبناء فارس

«Агар дин сурайёда осиғлиқ бўлса ҳам, унга форс болаларидан бўлган одамлар етишур»(Табароний, 10/10470; Ибн Абу Шайба, 6/32515-32516; Ибн Ҳиббон, 16/7123).

Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон раҳимаҳумаллоҳ ва бошқалар ривоятида мазкур ҳадис бу тариқада ҳам келтирилган:

لو كان العلم بالثريا لتناوله ناس من أبناء فارس

«Агар илм сурайёда бўлса-да, унга форс болаларидан бир гуруҳ одамлар етишур»(Аҳмад, 2/7937; 9430; 9454 ва 10059; Ибн Ҳиббон, 16/7309).

Мазкур ҳадиси шарифдаги «форслардан бир киши» сифатида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи назарда тутилганлигини Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ айтиб ўтган. (Жалолиддин ас-Суютий. Табйиз ас-саҳифа би-маноқиби Аби Ҳанифа. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1990. – Б. 32-33).

Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ва Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳ каби зотлар ҳам башорат қилинган.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид