Рибо: моҳияти ва турлари

Рибо: моҳияти ва турлари

imon.uz 24-06-2019 969

Олдинги мақолаларимизда биз Ислом иқтисодиёти ҳақидаги асосий тушунчалар ва уларнинг замонавий иқтисодиётдан фарқли томонлари ҳақида сўз юритган эдик. Энди, Ислом молияси ва бизнеси асослари, жумладан иқтисодий-бизнес фаолиятни шариат доирасида тартибга солиш мақсадида ўрнатилган асосий меъёрий ва ахлоқий чеклов ва рағбатлантириш механизмлари тўғрисидаги ушбу мақоламизни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Баъзи асосий чекловлардан ташқари, ноҳақ равишда ютуққа эришишни олдини олиш ва адолатсизликка йўл қўймаслик мақсадида Ислом ҳуқуқи яна бир қанча чегара ва меъёрий таъқиқлар ўрнатган. Биз бугунги мақоламизда кўриб чиқмоқчи бўлган шундай таъқиқлардан бири, жуда кўпчиликка маълум бўлган, замонавий банк-молия соҳасида “фоиз”, истилоҳда “судхўрлик” деб аталувчи “рибо”нинг ман қилинишидир.

Мусулмонлар орасида рибонинг тақиқланиши борасида ҳеч қандай зиддият мавжуд эмас. Рибо сўзи тақиқланган фойда маъносида Қуръонда савдодан кўриладиган фойда маъносига қарама-қарши қўйилгандир. Фақиҳлар рибони икки тоифага, яъни рибо ан-насия (ربا النسيئة) ва рибо ал-фазлга (ربا الفضل) бўлишади.

Рибо ан-насия (Насия рибоси).

Рибо сўзининг луғавий маъноси “ҳаддан зиёд” деганидир.

Шариатда эса “қўшимча” яъни берилган қарз-кредит устига оз миқдорда бўлса ҳам қўйилган қўшимча (устама-фоиз)ни англатади.

Насия сўзининг маъноси эса, шартномада кўрсатилган маҳсулотнинг етказиб берилиш муддати кечиктирилишидир. Шундай қилиб, «рибо ан-насия» қарз муносабати асосидаги алмашинув жараёнида кечиктирилган муддат учун қўшимча қиймат/устама олиш орқали фойдага эришишдир. Aнанавий банкларнинг фоиз асосидаги қарз бериш амалиёти рибо ан-насиянинг айни ўзи бўлиб, бунда қарздор кредит шартномаси бўйича асосий қарз тўлови устига қўшимча пул (фоиз) ҳам тўлайди.

Рибо ал-фазл

Савдо шартномаларида ва бошқа алмашув амалиётларида Рибонинг тақиқланиши “Рибо Aл-Фазл” дейилади.

Амалда, рибо ал-фазл, машҳур ҳадиси шарифда баён етилганидек бир жинсдаги маҳсулотларни алмаштиришда ёки олди-сотдисида зиёда олишдир.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Олтинга (тенг қийматдаги) олтин, кумушга (тенг қийматдаги) кумуш, буғдойга (тенг қийматдаги) буғдой, арпага (тенг қийматдаги) арпа, хурмога (тенг қийматдаги) хурмо, тузга (тенг қийматдаги) туз, ўхшашига ўхшаш, тенгма-тенг, қўлма-қўл. Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир» деганлар. (Бешовлари ривоят қилишган).

Ушбу олтита маҳсулот олди-сотдиси тенгига тенг ва қўлма қўл (яъни жойида) бўлиши керак.

Баъзи фуқаҳолар ушбу олти маҳсулотнинг умумий хусусиятлари рибо ал-фазл учун асос - иллат бўлиши мумкин, дейишади. Иллат, бу маълум бир воқеа - ҳодисанинг умумий белгиси (хусусияти) бўлиб, барча шундай умумий хусусиятга эга ҳолатларда қиёс (аналогия) - (قياس) асосида ҳукм чиқарилади.

Шундай қилиб, рибо моллари – рибо қоидаларини қўллаш учун асос ҳисобланади. Ҳанафийлик мазҳабида бу қуйидагича баён этилади:

Имом Aбу Ҳанифа фақат иккита умумий хусусиятни яъни (1) оғирлик ва (2) миқдорни олади. Яъни ушбу олтита маҳсулот оғирлик ёки миқдорга қараб (асосланиб) сотилади. Шу сабабли оғирлик ёки миқдорга эга бўлган барча маҳсулотлар ўз жинсидаги маҳсулотларга айирбошланса (олди-сотди қилинса) Рибо-ал-фазл қоидасига тушади.

Имом Нававий Саҳиҳи Муслимга ёзган шарҳида ушбу қоидаларни қуйидагича изоҳлайди:

1.Алмашинаётган икки маҳсулотнинг асосий иллати турлича бўлса, ундай алмашинувда (масалан. буғдойни олтинга ёки долларни автомобилга алмашиш) етишмаслик, зиёдалик ёки маҳсулот етказиб беришда узилишга (яъни тўлов билан маҳсулотни етказиб бериш орасидаги узилиш) йўл қўйиш ҳам жоиздир (яъни қўлма қўл бўлиши шарт эмас).

2.Алмашинадиган маҳсулотлар бир жинсли бўлса (масалан: олтинга олтин, буғдойга буғдой, долларга доллар), у ҳолда зиёдалик ҳам, етказиб беришда узилишга йўл қўйиш ҳам мумкин эмас.

3.Алмашинаётган маҳсулотлар турлича бўлса-ю, лекин уларнинг умумий хусусиятлари (яъни иллати) бир хил бўлса (масалан олтин-кумуш, доллар-сўм ёки буғдой-гуруч), у ҳолда зиёдалик ёки камомад жоиз, аммо узилиш (кечикиш) мутлақо таъқиқланади.

Қуйидаги қонун-қоидалар бир жинсдаги маҳсулотларда Рибо ал-фазлни тартибга солади:

Маълумки, бир жинсдаги маҳсулотларнинг алмашинуви, уларнинг сифат ва хусусиятлари бир биридан фарқ қилсагина керак бўлади. Масалан, гуруч ёки буғдойнинг турли навлари, юқори сифатли олтин-кумуш - паст сифатли олтин-кумуш, кон тузи - денгиз тузи ва бошқалар. Бир жинсдаги маҳсулотларни алмашишда (бартер қилишда), агар улар тур - сифат жиҳатидан ўзаро фарқ қилмаса, унда нотенглик (яъни кам ёки зиёда бўлишлиги) тақиқланади. Бунинг сабаби шундаки, бу маҳсулотларни тенг бўлмаган миқдорда алмаштириш инсонларнинг охир оқибат судхўрлик орқали даромад топиш ва ношаръий фойдага эга бўлиш иштиёқининг пайдо бўлишига олиб бориши мумкин. Бундай алмашинувлар фирибгарлик ва ёлғончиликка олиб бориши ҳам мумкин. Мисол учун, бирор “уддабурон” савдогар бирор, машҳур компания томонидан қадоқланган сифатли буғдойнинг бир килограммини, бошқа хил буғдойнинг 3 килограммга тенг бўлади, деб, ёки бу ноёб олтин парчаси ва у оддий олтининг икки бараварига тенг бўлади, деб даъво қилиши мумкин; бундай ишлар шубҳасиз одамларни алдаш ва уларга зарар етказишдир.

Бундай ҳолатларни олдини олиш учун Исломда махсус қоида ишлаб чиқилган. Ушбу қоидага асосан, бир хил жинсдаги аммо турли сифатга эга маҳсулотларни алмаштириш қуйидаги кўринишдагина амалда оширилиши мумкин бўлади:

1.Қиймат - сифатдаги ҳар қандай фарқ эътиборга олинмайди ва маҳсулот тенг миқдорда алмаштирилади (тенг оғирлик ёки ҳажмда);

2.Бир жинсдаги маҳсулотларни тўғридан-тўғри алмаштириш ўрнига, ҳар бир шахс ўз молини бозор нархида сотиши ва тушган пулга бошқа одамнинг молини бозор нархида сотиб олиши керак;

3.Маҳсулот қайта ишлаш жараёнида бутунлай ўзгарган бўлса, масалан: пахта (хом ашёси) матога, темир бирор дастгоҳга айланган бўлса, оз миқдордаги матони кўпроқ миқдордаги пахтага ёки кўп темир-терсакни тайёр дастгоҳга алмаштиришга рухсат берилган.

Қуйидаги қонун-қоидалар турли жинсдаги маҳсулотларда, Риба ал фазлни тартибга солади:

Турли жинсдаги маҳсулотлар тенг бўлмаган ҳолда алмаштирилиши мумкин, лекин бунда тўлов кечиктирилиши таъқиқланади. Масалан: бир кг буғдой 2 кг хурмога алмаштирилиши, ёки бир грамм олтин 4 гр кумушга алмаштирилиши мумкин, чунки бу спот, яъни бозор нархида дарҳол амалга оширилган тўлов амалиёти ҳисобланади. Шунга қарамасдан агар ушбу алмашинувлар қарзга амалга оширилаётган бўлса, унда бу ҳолат бевосита фоизга (яъни рибога) олиб боришини эсдан чиқармаслик керак. Масалан, харидор 80 грамм кумушни бугун қарзга олиб бир ойдан сўнг 2 грамм олтин билан қайтармоқчи бўлса, бир ойдан кейин 40 гр кумуш 1 гр олтинга тенг бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ, чунки ҳар қандай ҳолат юз бериши мумкин. Бинобарин, бу каби олдиндан нарх ўрнатишнинг негизи судхўрлик ва қимордир. Ҳудди шу каби, бундай (судхўрликка олиб борувчи) қарзга йўл қўйган савдогар ҳам олтининг кумушга бўлган нисбати 1:40 дан 1:35 га тушишини умид қилиш орқали қиморга қўл ураётгани яққол кўриниб турибди. Шу сабабли, турли жинсдаги маҳсулотларни жойида (дарҳол) алмаштириш қоидаси жорий этилган.

Манбалар: Ислом Молияси
https://www.ecb.europa.eu/press/key/date/2011/html/sp110503.en.html
Understanding Islamic Finance, Muhammad Ayub;
Islamic Finance Law, Economics and Practice, Mahmoud A. El-Gamal.

Mанба, azon.uz

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид