Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бемазҳаб бўлмаганлар!

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бемазҳаб бўлмаганлар!

imon.uz 2021-09-02 06:41:23 657

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (773-852 ҳ./1372-1449 м.) раҳимаҳуллоҳ таниқли муҳаддис олим, шофеъий мазҳаби фақиҳи, ақидада ашъарий бўлган уламо, ўз давридаёқ шуҳрат қозонган алломалардан биридир. Мисрда бир неча марта қозиликка таъйинланган, сўнгра ижодий ишлар сабабли истеъфога чиққанлар. Юздан ортиқ асарлар муаллифи. Унинг “Саҳиҳи Бухорий”га битган “Фатҳ ал-Борий” асари жуда машҳур.


Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ эътиқодда ашъарий ва фиқҳда шофеъий ҳисобланади. Бунинг ўзиёқ бугунги кундаги сохта салафийлар ва бемазҳабларга раддиядир. Cалафийлар ашъарий ва мотуридийларни тинмай ёмонлар эканлар, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг шофеъийлиги-ю ашъарийлигини оммадан яшириб келадилар. Биз бу ерда салафийларнинг ўзлари нашр қилган алломанинг “Фатҳ ал-Борий” асари асосида Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг бугунги салафий ва бемазҳабларнинг ақидалари у зотнинг ақидаларига мутлақо тескари эканини қисқача кўриб чиқамиз. Зотан, “Фатҳ ал-Борий” Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳи Бухорий” асарларининг энг мўътабар шарҳи бўлиб, у бизга Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ақидасини тўла ёритиб, изоҳлаб беради.


Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ашъарий олими сифатида имоннинг аслини тасдиқдан иборат деб биладилар. Амални эса уни комил қилувчи дейдилар:


و الجواب أنّ المراد بالإيمان هنا التصديق هذه حقيقته و الإيمان كما تقدّم يطلق على الأعمال البدنية لأنه من مكملاته


“Жавоб шуки, имондан мурод бу ерда тасдиқ қилмоқдир. Бу имоннинг ҳақиқатидир. Имон баданий амаллар билан айтилишининг сабаби улар имонни камолга етказувчилардир!” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 1-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 147).


Бу ерда Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг амалларни имонни камолга етказувчи, деб таърифлашларининг сабаби барча ашъарийлар ва мотуридийлар сингари амал қилмаган ёки амалда нуқсонга йўл қўйган, аниқроғи, катта гуноҳларни қилувчи мўъминни асло кофир деб атаб бўлмаслиги жиҳатидандир. Имоннинг тасдиқдан иборат эканини Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бошқа ўринда: و أما الإيمان بمعنى التصديق – “Имонга келсак, у тасдиқ маъносидадир!” деб айтиб ўтганлар (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 1-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 243).


Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ имоннинг илмий таърифини келтирар эканлар, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг: “Имон сўз ва амалдир!”, деган гапларини изоҳлаб, салафи солиҳинларнинг бу фикрни айтишларининг асл сабабини келтириб ўтадилар:


فالسلف قالوا هو إعتقاد بالقلب و نطق باللسان و عمل بالأركان و أرادوا بذلك أن الأعمال شرط فى كماله … و الفارق بينهم و بين السلف أنهم جعلوا الأعمال شرطا فى صحته و السلف جعلوها شرطا فى كماله


“Салафи солиҳинлар имонни қалб билан эътиқод қилмоқ, тил билан нутқ қилмоқ ва аъзолар билан амал қилмоқ деганлар. Бу гаплари билан амални имоннинг камолига шартлигини ирода қилганлар. Салафи солиҳинлар билан аҳли суннат ва жамоатдан айрилган тоифалар орасидаги фарқ улар амалларни имоннинг саҳиҳлигига шарт дейдилар, салафи солиҳинлар эса камолига шарт деганлар” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 1-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 94).


Бу ерда тилга олинган тоифаларнинг “амалларни имоннинг саҳиҳлигига шарт” дейишлари такфирнинг асосини ташкил қилади. Яъни, улар амалда нуқсонга йўл қўйган, беамал одамларни кофир деяверадилар. Масалан, бирор сабаб билан намоз ўқимаётган, ҳижоб ўрамаётган ёки ароқ ичиб юрган ёки золимларга индамаётган одамни кофир дейишдан қайтмайдилар. Бу эса аҳли суннат ва жамоат таълимотига зиддир.


Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ муташобеҳ сифатларни оммага айтиш тўғри эмаслигини қайд қилганлар. Бугунги сохта салафийлар эса айнан Аллоҳ таолонинг сифатлари – муташобеҳлар мавзусини бот-бот кўтариб чиқиб омманинг бошини қотирмоқдалар. Жумладан, у зот Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг: “Одамларга ўзлари биладиган (ақллари етадиган) нарсаларни гапиринглар! Аллоҳ ва унинг расулини ёлғонга чиқаришларини истайсизларми?!” деган гаплари шарҳида бундай деганлар:


فيه دليل على أنّ المتشابه لا ينبغى أن يذكر عند العامّة … و ضابط ذلك أن يكون الحديث يقوى البدعة و ظاهره فى الأصل غير مراد فالإمساك عنه عند من يخشى عليه الأخذ بظاهره مطلوب


“Бу ерда далил борки, муташобеҳлар омма олдида зикр қилинмаслиги керак. Бунинг сабаби, ҳадис бидъатни кучайтириб қўйиши мумкин. Чунки, аслида унинг зоҳири ирода қилинган эмас. Зоҳирини олишдан қўрққан киши уни гапирмаслиги матлубдир!” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 1-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 391).


Аллоҳнинг сифатлари – муташобеҳ сифатлар ҳақида гапирар экан, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айнан уларни тушунишда икки мазҳаб борлигини қарийб барча ўринларда эслатиб кетганлар. Жумладан, у зот бу борада: إما تفويض و إما تأويل – “Ёки тафвиз ёки таъвил услуби” борлигини эслатиб ўтганлар.


Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ барча ашъарийлар ва мотуридийлар сингари муташобеҳ сифатларни таъвил қилиш йўлидан борганлар. Ҳатто эски зоҳирий уламоларидан Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳнинг “нузул” сифатини таъвил қилганлигини айтиб ўтганлар. Абу Исмоил ал-Жавҳарий раҳимаҳуллоҳ сингари муташобеҳларни таъвил қилишни инкор этганларга ва таъвил қилувчиларга таъна қилганларга раддиялар келтирган. Абу Исмоил ал-Жавҳарий ҳам бугунги кундаги сохта салафийлар каби таъвилни инкор қилиб, “нузул” сифати таъвилни қабул қилмайди, деб гумон қилган ва ўзининг бу гапига айрим ривоятларни келтирган эди. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ эса унинг келтирган барча ривоятларнинг заифлигини бирма-бир зикр қилиб бўлиб, бундай деганлар:


فهذه الطرق كلها ضعيفة و على تقدير ثبوتها لا يقبل قوله «إنها لا تقبل التأويل» فإنّ محصلها ذكر الصعود بعد النزول فكما قبل النزول التأويل لا يمنع قبول الصعود التأويل و التسليم أسلم


“Бу ривоятларнинг барчаси заифдир. Уларни бор деб ҳисобланган тақдирда ҳам, “Улар таъвилни қабул қилмайди”, деган гапини қабул қилиб бўлмайди. Чунки, уларнинг хулосаси, тушишдан олдин кўтарилишни зикр қилмоқдир. Зотан, “нузул”нинг таъвилни қабул қилиши “суъуд”нинг таъвилни қабул қилмоғини ман қила олмайди. Демак, таслим бўлиш саломатлироқдир!” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 17-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 508-509).


Муташобеҳ сифатлар борасида Имом ал-Кирмоний раҳимаҳуллоҳнинг гапини келтириб, бундай деганлар:


حكم هذا حكم سائر المتشابهات إما التفويض و إما التأويل


“Бунинг ҳукми бошқа муташобеҳларнинг ҳукми кабидир. Ёки тафвиз ва ёки таъвилдир” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 17-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 387).


Бошқа ўринда эса унинг бундай деганларини келтирганлар:


هذا الحديث من المتشابهات فإما مفوض و إما مؤول بأنّ المراد بالوجه الذات


“Бу ҳадис муташобеҳлардандир. У ёки тафвиз қилинган ёки таъвил қилинган бўлади” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 17-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 445).


Демак, агар таъвил қилиш анави сохта салафийлар айтганидек ботил ва ножоиз бўлганида эди, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ албатта уни қайд қилган ва огоҳлантирган бўлардилар. Ҳолбуки, таъвил қилиш жоиз иш бўлиб, бу айнан аҳли суннат ва жамоат вакилларининг ишларидир.


Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Нузул” ҳадисининг шарҳида бундай деганлар:


إستدل به من أثبت الجهة و قال هى جهة العلوّ و أنكر ذلك الجمهور لأنّ القول بذلك يفضى الى التحيّز، تعالى الله عن ذلك و قد إختلف فى معنى النزول على أقوال:


فمنهم من حمله على ظاهره و حقيقته و هم المشبهة، تعالى الله عن قولهم.


و منهم من أنكر صحّة الأحاديث الواردة فى ذلك جملة و هم الخوارج و المعتزلة و هو مكابرة.


و العجب أنهم أولوا ما فى القرآن من نحو ذلك و أنكرو ما فى الحديث إما جهلا و إما عنادا.


و منهم من أجراه على ما ورد مؤمنا به على طريق الإجمال منزها الله تعالى عن الكيفية و التشبيه و هم جمهور السلف و نقله البيهقى و غيره عن الأئمة الأربعة و السفيانين و الحمّادين و الأوزاعى و الليث و غيرهم.


و منهم من أوّله على وجه يليق مستعمل فى كلام العرب.


و منهم من أفرط فى التأويل حتى كاد أن يخرج الى نوع من التحريف.


و منهم من فصّل بين ما يكون تأويله قريبا مستعملا فى كلام العرب و بين ما يكون بعيدا مهجورا فأوّل فى بعض و فوّض فى بعض و هو منقول عن مالك و جزم به المتأخرين ابن دقيق العيد.


“Жиҳатни (яъни, Аллоҳни дунёнинг маълум бир томонида дейишни) исбот қиладиган киши у билан (яъни, “нузул” ҳадиси билан) далилланиб, уни “олийлик томони” дейди. Ҳолбуки, уни жумҳур (жуда кўпчилик) уламолар инкор қилганлар. Чунки, бу гап чегаралашга олиб келади. Аллоҳ таоло эса ундан олийдир! “Нузул” сўзининг маъносида бир неча қарашларга кўра ихтилоф бўлган. Айримлар унинг зоҳирини олиб, ҳақиқий деб билдилар. Улар мушаббиҳа тоифасидир. Аллоҳ уларнинг гапларидан юксакдир! Айримлар эса бу борада келган ҳадисларнинг саҳиҳлигини бирданига инкор қиладилар. Улар эса хаворижлар ва мўътазилалардир. У такаббурликдан бошқа нарса эмас! Ажабланарлиси шуки, шунга ўхшаш Қуръонда келган нарсаларни таъвил қиладилар-да, ҳадислардаги нарсаларни инкор қиладилар. У жаҳолат ёки қайсарликдир. Айрим олимлар уларни имон келтириш лозим бўлган нарсаларга кўра мужмал йўлга кўра жорий қиладилар. Яъни, Аллоҳ таолони қандайлик ва ташбеҳдан пок дейдилар. Улар салафи солиҳинларнинг жумҳуридирлар. Уни Имом ал-Байҳақий ва бошқалар тўрт нафар имомлардан, икки нафар Суфёндан, икки нафар Ҳаммоддан, ал-Авзоъий, Лайс ва бошқалардан нақл қилганлар. Айрим олимлар эса араб тилида ишлатиладиган муносиб сўзлар билан таъвил қиладилар. Баъзилар таъвилда ҳаддан ошганлар. Ҳатто қарийб таҳриф турига олиб чиқиб кетилган. Айрим олимлар ўз таъвилларини араб тилида ишлатиладиган маъно билан мутлақо узоқ бўлган маънолар орасини ажратиб берганлар. Шундай қилиб, баъзи ўринларда таъвил, баъзи ўринларда тафвиз қилганлар. у Имом Моликдан нақл қилинган. кейинги давр олимларидан Ибн Дақиқ ал-ийд унга жазм қилганлар” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 3-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 547-548).


Чунки, эътибор беринг! Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг ўзи ҳам барча ўринларда Аллоҳнинг сифатлари бўлмиш муташобеҳ сифатларни таъвил қилганлар. Жумладан, Аллоҳ таолога изофа қилинган “ҳаё” лафзини ва бандадан юз ўгириш маъносини бундай таъвил қилганлар:


قوله فاستحيا الله منه أى رحمه و لم يعاقبه و قوله بأعرض الله عنه أى سخط عليه


“Ундан Аллоҳ ҳаё қилади” дегани унга раҳм қилади, уни таъқиб қилмайди, деганидир. “Аллоҳ ундан юз ўгирди”, дегани эса унга қаттиқлик қилди, деганидир” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 1-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 278-279).


Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ҳадиси шарифларда тез-тез такрорланадиган: “Жоним “яд”ида бўлган Зотга қасамки” иборасидаги “яд” сифатини айнан “қудрат” деб таъвил қилганлар. Салафийлар эса “яд” сифатини таъвил қилувчиларни адашган, залолатдаги кишилар, аҳли суннатдан чиққан одамлар деб оламга жар солиб келадилар. Унда Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ҳам адашганми?!


و المراد باليد هنا القدرة


“Бу ерда “яд”дан мурод қудратдир!” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 1-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 598).


Бундан олдин Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Фатҳ ал-Борий”нинг муқаддимаси ҳисобланадиган “Ҳадй ас-сорий” асарида бундай деганлар:


و وقع ذكر اليد فى القرآن و الحديث مضافا الى الله تعالى و اتفق أهل السنة و الجماعة على أنه ليس المراد باليد الجارحة التى هى من صفات المحدثات و أثبتوا ما جاء من ذلك و آمنوا به فمنهم من وقف و لم يتأول و منهم من حمل كلّ لفظ منها على المعنى الذى ظهر له و هكذا عملوا فى جميع ما جاء من أمثال ذلك


“Қуръон ва ҳадисда Аллоҳ таолога боғлаб айтилган “яд” зикри келган. Аҳли суннат ва жамоат “яд”дан мурод яралмишларнинг сифатларидан бўлмиш аъзо (қўл) эмас. Унда келган нарсани исбот қилиб, унга имон келтирганлар. Улардан баъзиси тўхтаб, таъвил қилмаганлар. Улардан айримлари эса ҳар бир сўзни унда зоҳир бўлган маънога йўйганлар (яъни, таъвил қилганлар). Шунга ўхшаш барча сифатлар борасида амал қилганлар” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Ҳадй ас-сорий. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 502-503).


Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг сифатлари – муташобеҳларни таъвил қилишни жоиз деб билар эканлар, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “зеҳк”ни раҳмат деб таъвил қилганларини нақл қиладилар. Уни ризо ва қабул маъносида таъвил қилишни ҳақиқатга яқинроқ, деб биладилар ва “розилик ила юзланмоқ” деб таъвил қиладилар:


و قد تأوّل البخارى الضحك فى موضع آخر على معنى الرحمة و هو قريب و تأويله على معنى الرضا أقرب فإنّ الضحك يدلّ على الرضا و القبول … و قلت و يدلّ على أنّ المراد بالضحك الإقبال بالرضا


“Дарҳақиқат, Имом Бухорий бошқа ўринда “зиҳк”ни раҳмат маъносида таъвил қилганлар. Ушбу маъно яқиндир. Унинг таъвили ризо маъносида янада яқинроқ. Зотан, “зиҳк” ризо ва қабулга далолат қилади. Мен айтаманки, бу ерда шунга далил борки, “зиҳк”дан мурод ризолик ила юзланмоқдир!” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 7-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 95-96).


Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамоатнинг барча вакиллари сингари Аллоҳ таолони бирорта маконда (масалан, Аршда), бирорта жиҳатда (масалан, осмонда) экани мўътазилийлар айтишини таъкидлаб, бундай деганлар:


و منع جمهور المعتزلة من الرؤية متمسكين بأن من شرط المرئى أن يكون فى جهة و الله منزه عن الجهة و اتفقوا على أنه يرى عباده فهو راء لا من جهة


“Мўътазилийларнинг аксарияти кўрилган бирор жиҳатда – томонда бўлиши шарт бўлганини ушлаб олишиб, (Аллоҳ таолони қиёматда) кўришни инкор қилганлар. Ҳолбуки, Аллоҳ жиҳатдан покдир! Уламолар (аҳли суннат ва жамоат вакиллари) Аллоҳнинг ўз бандаларига кўринишига иттифоқ қилганлар. У бирор томонда бўлмасдан кўрилувчидир!” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 17-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 430).


 Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бугунги салафий бемазҳабларга хилоф ўлароқ Аллоҳни осмонда деб айтишни “тажсим” – Аллоҳни жисм деб тасаввур қилиш деб биладилар:


و لو قال من ينسب الى تجسيم من اليهود لا اله الا الذى فى السماء لم يكن مؤمنا كذلك الا إن كان عاميّا لا يفقه معنى التجسيم فيكتفى منه بذلك كما فى قصة الجارية التى سألها النبىّ صلى الله عليه و سلم أنت مؤمنة قالت نعم قال فأين الله قالت فى السماء فقال أعتقها فإنها مؤمنة و هو حديث صحيح أخرجه مسلم


“Агар яҳудийлардан илоҳни жисм дейишга мансуб киши “Осмондаги зотдан бошқа илоҳ йўқ!” деса, у мўъмин бўлмайди! Фақат жисм деб тасаввур қилиш маъносини тушунмайдиган омий бўлса, бошқа гап. Омийдан шунинг ўзи кифоя қилади. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўраган жория қиссасига ўхшайди. “Сен мўъминамисан?” деб сўраганлар. У тасдиқ жавобини қилган. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ қаерда?” деб сўраганлар. У: “Осмонда” деб жавоб берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни озод қил, у мўъмина”, деганлар. Бу саҳиҳ ҳадис бўлиб, уни Имом Муслим тахриж қилганлар” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 17-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 307-308).


Бу ерда Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ Аллоҳни осмонда дейиш уни жисм деб тасаввур қилиш билан тенг, деб билганлар. Авомлар эса бунинг маъносини билмагани, уларнинг Аллоҳнинг борлигига имон келтиришларининг ўзи муҳим бўлгани учун авомларники маъзур эканини айтганлар.


  Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг ашъарийлигини биз унинг илми каломдаги ақидага оид масалаларда айнан ашъарий олимлари сифатида танилган олимларни зикр қилганлиги ва уларнинг фикрларини эслаб, асарларидан иқтибослар олганидан ҳам билиб олишимиз мумкин. Жумладан, Салоҳиддин ал-Алоий, Ибн Фуврак, Имом ас-Саълукий, Устоз ал-Исфароиний, Қози Иёз, Имом ал-Кирмоний, Ибн ал-Баттол, Имом ал-Байҳақий раҳимаҳумуллоҳ каби зотларнинг номларини “Фатҳ ал-Борий”да жуда кўп ва тез-тез учратамиз.


Маълумки, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ “шадд ар-риҳол” деб аталган масала бўйича ижмоъи умматга қарши борган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрларини зиёрат қилишни ният қилиб йўлга чиқишни ҳаром, бидъат ва гуноҳ иш деб баҳолаган эди. У “Учта масжиддан бошқасига бел боғлаб чиқилмайди. Масжиди ҳаром, Масжиди ақсо ва менинг мана бу масжидим”, деган мазмундаги ҳадиси шарифни луғавий жиҳатдан ҳам, шаръий жиҳатдан ҳам тўғри келмайдиган маънода ифодалаб ҳукм чиқарган эди. Ҳолбуки, аҳли суннат ва жамоат уламоларининг барчаси, анъанавий исломдаги тўрт мазҳаб уламоларининг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилишни ният қилиб йўлга чиқишни энг афзал хайрли амал деб баҳолаганлар. Шунинг учун ҳам, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамоатнинг барча уламолари сингари Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга қарши чиқиб, уни инкор қилганини эълон қилиб, унинг асрлар давомида ихтилофга сабаб бўлиб келаётган, мусулмон умматининг бир гуруҳининг адашувига сабабчи бўлган бу масаласини бундай баҳолаган эдилар:


و هى من أبشع المسائل المنقولة عن ابن تيمية


“У Ибн Таймиядан нақл қилинган масалаларнинг энг жирканчидир!” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 3-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 605).


Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ва таймиячи бемазҳаблардан фарқли ўлароқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрларига ҳамда саҳобалар ва солиҳ зотларнинг қабрларига махсус зиёратига боришни, у жойларни табаррук қилишни жоиз деб билганлар. Қабрлар зиёратини ният қилиб махсус бориш асло ҳаром амал эмас, зиёратгоҳларни табаррук деб билиш асло ширк амал эмас. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бундай ёзадилар:


و كلّ مؤمن له من نفسه سائق الى المدينة لمحبته فى النبىّ صلى الله عليه و سلم فيشمل ذلك جميع الأزمنة لأنه فى زمن النبى صلى الله عليه و سلم للتعلم منه. و فى زمن الصحابة و التابعين و تابعيهم للإقتداء بهديهم. و من بعد ذلك لزيارة قبره صلى الله عليه و سلم و الصلاة فى مسجد و التبرك بمشاهدة آثاره و آثار أصحابه


“Ҳар бир мўъмин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббати борлиги учун Мадинага йўл олувчидир. Бу барча замонларни ўзида қамрайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида у зотдан таълим олиш учун Мадинага бориларди. Саҳобалар, тобеъинлар ва табъа тобеъинлар даврида эса уларга эргашган ҳолда борилади. Ундан кейинги даврларда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари зиёратига, у зотнинг масжидларида намоз ўқишга, у зотнинг асори атиқаларини ва саҳобалардан қолган асори атиқаларни кўриб табаррук қилишга борилади” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 5-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 196).


Ана энди, бугунги салафийлар ва бемазҳаблар Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг юқорида биз келтирган иқтибосларини ўқиб уни қабрпараст, асҳоби қубур дея олармикинлар?! Ахир, бугунги уммат у зотнинг мана шунга ўхшаш бир қанча гапларига амал қилаяптилар, холос.


Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ улуғ зотларни, дуоси мустажоб бўладиган солиҳ кишиларни, уламо ва фузалоларни табаррук деб билганлар:


و يؤخذ منه إستحباب الدعاء عند حضور الصالحين تبركا بهم


“Ушбу ҳадисдан солиҳлар ҳузурида уларни табаррук деб билган ҳолда дуо қилиш мустаҳаб ишлиги олинади” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 7-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 588).


Умуман, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Фатҳ ал-Борий”нинг бир қанча жойларида солиҳ зотларни ва улуғ инсонларни табаррук санаш, уларнинг аъзолари, қўлларини табаррук деб билиш, улардан қолган таом ва емишларни табаррук ҳисоблаш, улардан қолган кийим ва бошқа нарсаларини табаррук деб олиш жоизлигини ҳадисларга ишора қилиб қайд қилиб кетганлар.


Бемазҳаблар кейин пайдо бўлган янгиликларнинг ҳаммасини бидъат деб, бутун оламни бидъатларга тўлдириб ташлашди. Ҳолбуки, аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра бидъатлар яхши-ёмонга ажратилади. Шу жумладан, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ҳам бидъатларнинг яхшисини яхши, ёмонини ёмон деб ҳисоблаганлар. Яъни, “бидъати ҳасана” борлигини эътироф қилганлар. у зот Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг: “Қандай ҳам яхши бидъат!” деган хитобларини шарҳ қилиб, бундай деганлар:


و التحقيق أنها إن كانت مما تندرج تحت مستحسن فى الشرع فهى حسنة و إن كان مما تندرج تحت مستقبح فى الشرع فهى مستقبحة و إلا فهى من قسم المباح و قد تنقسم الى الأحكام الخمسة


“Ҳақиқат шуки, агар бирор иш шариатда мақталган нарсаларнинг остига кирса, у ҳасанадир. Агар шариатда ёмонланган нарсаларнинг остига кирса, у қабиҳдир. Агар бу икковида ҳам бўлмаса, у ҳолда мубоҳ қисмидандир. Бидъат бешта ҳукмга тақсим ҳам қилинади” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 5-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 448).


Бу иқтибосдаги “бешта ҳукмга тақсим қилинади” дегани бидъат ҳаром, макруҳ, вожиб, мустаҳаб ва мубоҳ турларга бўлинади, деган маънони ифодалашдир. Демак, одамлар қилаётган ишларнинг ҳаммасини залолатга етокловчи бидъат деб баҳолаш нотўғридир.


Ҳозирги бемазҳабларга ўхшаб Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ туморларнинг барчасини ширк демаганлар, тумор таққанларни мушрик ва ширк амални қилувчи демаганлар. Балки, тумор тақувчиларнинг туморларини фарқлай билганлар:


هذا كله فى تعليق التمائم و غيرها مما ليس فيه قرآن و نحوه فأما ما فيه ذكر الله فلا نهى فيه فإنه إنما يجعل للتبرك به و التعوّذ بأسمائه و ذكره


“Буларнинг ҳаммаси тумор ва бошқа нарсаларни осиш ҳақида бўлиб, уларда Қуръон ва шунга ўхшаш (дуолар) бўлмасадир. Аммо, унда Аллоҳнинг зикри бўладиган бўлса, унга ҳеч қандай таъқиқ йўқ! Чунки, ундай туморларни табаррук учун ҳамда Аллоҳнинг исмлари ва зикри билан паноҳланиш учун қилинади” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 7-жилд. – Риёз: Дор Тайба, 2005. – Б. 258).


Ваҳҳобий ва салафийлар эса Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг буюклиги ва улуғлигига қарамасдан, унинг “Фатҳ ал-Борий” асаридаги ақидавий масалаларга раддия сифатида бир неча китоб ёзиб тарқатганлар. Ҳолбуки, унга раддия қилиш Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳга раддия қилиш билан тенг. Зотан, “Фатҳ ал-Борий” Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳи Бухорий” асарларига битилган энг яхши ва энг мўътабар шарҳ ҳисобланади. Ундаги ақидавий қарашлар айни Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бобомизнинг ақидавий қарашларидир.


Салафий ва ваҳҳобийлар ашъарий ва мотуридийларни тинмай ёмонлар эканлар, оммадан Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ сингари олимларнинг ҳам ашъарий ва мотуридий бўлганини, уларнинг ақидалари бугунги кундаги ашъарий ва мотуридийларнинг айни ақидалари эканлигини яшириб келадилар.


Аллоҳ таоло салафий ва бемазҳабларга инсоф берсин! Аҳли суннат ва жамоатдан бизни айирмасин. Мотуридий ақидасидан адаштирмасин!


Ҳамидуллоҳ Беруний

Миролим Мансур тайёрлади



Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид