130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ўзгалар хатосини кечириш Аллоҳнинг раҳматига сабаб бўлади
imon.uz 03-06-2020 652Ривоят: Шайх Аҳмад
Ҳарбнинг Баҳром исмлик бир қўшниси бор эди. Оташпараст эди. Шериги молни олиб,
кетаётганида йўлда қароқчилар ҳаммасини талаб олиб қўйган экан. Баҳром буни
эшитиб, хафа бўлди. Ҳазрати Аҳмад бу гапни эшитгач, ёронларига:
-
Бориб қўшнининг ҳолини сўрайлик, насиҳат қилайлик –
деди. Олдига бордилар.
-
Эй қўшни! Молинг таланибди. Қайғу чекма, Аллоҳ яна
бергай – деди. Кофир (қўшниси) айтдики,
-
Молим таланди, илло уч шукрим бор: биринчиси – кофир
бўлсам, нетайин, менинг диним шунақа экан. Иккинчиси – қолган молим менга
етади. Учунчидан – мол менинг ўзимники, бировдан қарз олганим йўқ эди.
Бу сўзлар шайхга маъқул келди. Ёронларига:
-
Бу сўзни ёзинг, ҳикматдандир, бундан мусулмонликнинг ҳиди
келур, - деди. Кофир катта бир гулҳан ёқиб, оловга топинаётган эди.
-
Эй мусулмонлар улуғи! Сендан уч нарсани сўрайман,
жавоб бера олсанг, иймон келтираман.
-
Сўра, - деди шайх.
-
Ҳақ таоло бу халқни нима учун яратди ва ризқини ҳам
берди, кейин буларни нима учун ўлдиргай ва модомики ўлдиргач, яна нима учун
қайта тирилтиргай?
Шайх айтди:
-
Шунинг учун яратдики, Унинг бирлигини ва қудратини
билсинлар ва ризқини бердики, Раззоқлигини билсинлар! Шунинг учун ўлдиргайки,
Қаҳҳорлигини билсинлар ва яна шунинг учун қайта тирилтиргайки, Унинг
Боқийлигини билсинлар, - деди.
Баҳроми мажусий буни эшитиб, шаҳодат бармоғини
кўтариб,иймон келтирди. Шайх эса бир наъра тортдию йиқилиб, ҳушидан кетди.
Кейин ҳуши ўзига келгач, сўрадилар:
-
Эй шайх! Не бўлди?
-
Менга бир хитоб келди: “Баҳромким, етмиш йиллик кофир
эди, бир лаҳзада мусулмон бўлди, Сенким, етмиш йиллик мусулмонсан, оқибатинг
нима бўлишини билурмисан?”, дейилди...
Иймонли зотлар ҳар бир Аллоҳнинг бандасига кечиримли
бўлганлар. Ҳаттоки ғайридинлар ҳам бу чиройли муомалани кўриб иймонга
келганлар. Сиз – биз ҳам ибрат олайлик ва ўзаро кечиримли бўлайлик.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Аллоҳ учун камтар ва камсуқим бўлса,
Аллоҳ унинг мартабасини юксалтиради ва ким манманлик қилса, Аллоҳ уни хор қилиб
қўяди”.
Такаббурлик, гердайиш, ўзини бошқалардан юқори тутиш,
димоғдорлик каби сифатларга эга одамлар эл орасида ҳеч қачон обрў – эътибор
топмаганлар. Аксинча, камтарлик, соддадиллик, ўзини бошқалардан кам тутиш каби
фазилат соҳиблари доимо иззат – икромга сазовор
бўлганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу
ҳадислари орқали одамларни камтарона ҳаёт кечиришга даъват қилмоқдалар. Шу мазмундан
келиб чиқиб, халқимиз ҳам “камтарга камол, манманга завол”, деб бежиз мақол
айтмаган. Кечиримли бўлмоқ камтарлик белгисидир.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Кимки бировнинг гуноҳидан ўтса (уни
кечирса), Аллоҳ ҳам уни афв қилади (гуноҳини кечиради).
Юқоридаги ҳадис ўзаро шаклан фарқ қилса-да, аммо
мазмунан бир – бирини тўлдирмоқда. Кечиримли бўлиш инсоннинг энг улуғ
фазилатларидандир. Бу хислат жамиятда инсоний муносабатларнинг шаклланишида
жуда муҳим аҳамият касб этади. Мўминларни нафақат бир –бирларига, балки бутун
башариятга нисбатан кечиримли қилиб тарбиялаш Исломнинг олий мақсадларидандир.
Аллоҳнинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким раҳм қилса раҳм қилинади. Ким кечирса,
кечирилади”, деб марҳамат қилганлар.
Қўполлик, бағритошлик, мусулмон кишига ярашмайди.
Мулойимлик ва кечиримли бўлмоқ пайғамбарлар ва солиҳ бандаларнинг сифатидир.
Баъзилар бор: “Кечирим сўраб келса, кечираман” деб такаббурлик қиладилар. Аслида
Аллоҳ ризолиги учун кечирилади. Савоб умидида ҳатто ўша одамга раҳм шафқат
юзасидан ҳам гуноҳи ўтилади. Чунки нодонлик такаббурликнинг асосидир. Шайтон
такаббур эди. Уни Аллоҳ гуноҳини ўтмади. Банда эса доимо Аллоҳнинг мағфиратидан
умидвор. Демак, у албатта кечиримли бўлиши лозим.
Жиззах шаҳар “Сўлоқли” жоме масжиди
имом-хатиби Жумаев Мўминжон