130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Оилада аёлнинг вазифаси
imon.uz 12-06-2020 729 Аллоҳ таоло бутун инсониятни яратиб, уларни эркак ва аёлга ажратди. Ер
юзида тартиб ва интизом қарор топишини эса, айнан мазкур икки жинсга бевосита
боғлади. Одам атони яратиб, Ўз ишларида чевар бўлган Раббимиз, ерда инсоният
учун нима фойдаю нима зарар эканини билган ҳолда унга Момо ҳавони жуфт қилиб
берди. Аллоҳ таоло эркак ва аёлни умумий ишларда тенг ҳуқуқлик қилиб яратган
бўлса-да, аммо ҳар бирига муносиб бўлган вазифаларда бир-биридан фарқли қилиб қўйди.
Жумладан, савобли ишларда эркак ва аёлга тенг ажр берилиши хусусида
Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 97-оятида:
“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида
бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари
қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз”, деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло аёлларга она бўлишдек, шарафли ва ўта оғир масъулиятни
айнан уларга хослаб берди. Шу билан бирга эркакларни жисмонан куч талаб қилувчи
ишларга, жумладан, касб қилиб аҳли оиласига нафақа бериш ҳамда бошқарув ишларни
уларнинг зиммасига юклаб, эркакларни аёллардан бу хусуда афзал қилиб яратган.
Аллоҳ таоло бу ҳақда Бақара сурасининг 228-оятида шундай марҳамат
қилади:
“Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар
(ҳуқуқи) билан тенгдир. Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик) бор.
Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир”.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расули
акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки хотин киши беш (маҳал) намозини
ўқиса, бир ой рўзасини тутса, номусини сақласа ва эрига итоат қилса, унга:
“Жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киргин!” – деб айтилади”, - деганлар
(Имом Табароний “Мўъжамул авсат”да ривоят қилган).
Муслима аёл эри олдидаги Ислом
дини кўрсатган вазифаларни адо этмоғи лозим бўлади. Улар ичида энг муҳимлари
қуйидагилар:
1. Эрининг ҳурматини жойига қўйиб, унга итоат қилади.
2. Аёл эрининг мол-мулкини муҳофаза қилади.
3. Ўз гўзаллигини фақат ўз эрига тақдим қилади ва ўзини номаҳрам
нигоҳлардан сақлайди.
4. Оилавий сирлар ҳамда жинсий муносабатларни бошқаларга ошкор
қилмайди.
5. Эрини беҳудага ғазаблантирмайди.
6. Барча ишларида эридан рухсат олади.
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи васаллам айтадилар: «Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз нафл
рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол эмас» (Имом
Бухорий ва Имом Муслим).
Умму Салама (р.а.)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда эса
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қайси аёл эри ундан рози бўлган
ҳолда вафот топса, жаннатга киради” (Имом Термизий ривояти).
Ўз навбатида эркаклар ҳам аёлларга ғамхўрлик қилишлари лозим. Жумладан
ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи васаллам айтадилар: “Бир динор Аллоҳ йўлида инфоқ қилдинг. Бир
динор қул озод қилиш учун инфоқ қилдинг. Бир динор мискинга инфоқ қилдинг. Бир
динор ўз аҳлингга инфоқ қилдинг. Буларнинг ичида савоби улуғроғи ўз аҳлингга
инфоқ қилганингдир”, - деганлар (Имом Муслим ривояти).
Уларга нафақа қилиш бошқа хайр-эҳсонлардан ҳам кўра афзалроқ саналади.
Эрлар ҳам асоссиз равишда ҳали уни, ҳали буни таъқиқлашга шошилмасдан уларга
шариат нуқтаи назаридан келиб чиқиб, яхши муомалада бўлишлари талаб қилинган.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тинч-тотувликда умргузаронлик қилишларини
бардавом қилиб, мушфиқ аёлларимизни бахтимизга соғ-омон қилсин!
Ўзбекистон
мусулмонлари идорасининг
Жиззах вилоят вакиллиги матбуот
котиби Усмонали ОРАЛОВ