Соғлом ақида мустаҳкам эътиқод асоси

Соғлом ақида мустаҳкам эътиқод асоси

imon.uz 29-05-2020 479

1.    Ақоид илмининг таърифи

     Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Валалий ал-Микносий:

“Ақоид илми – ўта ишончли далиллар билан диний ақийдаларни исбот қиладиган илмдир”, дейди.

“Ақоид илмида Аллоҳнинг мавжудлиги, Уни қандай сифатлар билан тушуниш кераклиги, нима билан васф қилиниши ва қилинмаслиги лозим эканлиги, Набийлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишлари, уларга нимани нисбат бериш ва бермаслик жоизлиги ҳақида илм ҳосил қилинади”, дейилган.

Бу илмнинг мақсади динга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ҳамда диний ақийдаларни  қатъий далиллар ила исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир.

Бу илмнинг асосий мақсади эса барча шаръий илмлар каби, икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.

Исломнинг асослари бешта экани ҳаммага маълум.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом беш нарсага бино қилингандир: “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳадунна Муҳаммадар Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтиришлик, намозни тўкис адо этишлик, закот беришлик, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш”, - дедилар”.

“Лаа илааҳа Иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” иймон рукнининг ўзаги бўлса, фаришталарга, Набийларга, илоҳий китобларга, яхши - ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ва бошқа лозим бўлган нарсаларга иймон келтириш унга эргашади.

“Намоз” амалий, баданий, жисмоний, руҳий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа шунга ўхшаш ибодатлар эса унга мувофиқ бўлади.

“Закот” молиявий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий ибодатлар унга мувофиқ бўлади.

“Ҳаж” ҳам молиявий, ҳам жисмоний ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий – жисмоний ибодатлар унга эргашади.

“Рўза” тарк қилиш (ўзини тийиш) ибодатлари рукнидир. Бошқа ўзини тийиш ибодатлари унга тобеъ бўлади.

2.    Ақида – аниқликка асосланади.

     Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ақийда ўта ишончли илмга асосланган бўлиши керак. Хурофот, хаёл, илҳом, оддий шаклдаги илм билан исломий ақийда собит бўлмайди.

Ўта ишончли илм ўзи нима?

Ислом олимлари илмни “Ҳақиқатни худди воқеъликдагидек идрок қилиш илмдир”, дейдилар.

Исломда ҳар бир нарсанинг илмий асосда бўлиши таъкидланган.

(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашиб кетавермагин! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, тинглаган, қараган ва ишонган ҳарбир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради)” (Исро, 36-оят).

Ҳар бир нарсани очиқ – ойдин ва аниқ билиб олгандан сўнг унга ишониш ва у ҳақда ҳукм чиқариш керак. Гумон билан, бировнинг гапига ишониб, турли ноаниқ ишораларга суяниб ҳукм чиқариш мусулмонларга хос эмас. Билган нарсасини билганидек етказиш омонатдир. Шунингдек, кўз, қулоқ, дил нимани идрок этса, ўша нарсани аниқлик билан етказмоқ зарур. Бу аъзоларнинг идрок этган ҳар бир нарсаси илмий омонат саналади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: “Гумондан эҳтиёт бўлинглар, чунки гумон энг ёлғон сўздир”, деганлар.

Аллоҳнинг йўлида юрмаганлар  гумон ва тахминга эргашадилар. Улардан: “Нима учун бу ишни қилмоқдасан? Нима учун бу йўлга юрмоқдасан?” деб сўралса, берадиган жавоблари фақат  ноаниқ гумондан иборат бўлади.

Исломда ақл қабул қиладиган тафаккур чўққиси илмий ҳақиқат ҳисобланади.

Илмнинг ҳақиқат учун асос бўлишини исбот қилган Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи унинг воситалари ҳақида сўз юритади: “Халойиқ учун илмнинг воситалари учтадир: соғлом ҳис қилиш аъзолари, содиқ хабар ва ақл. Соғлом ҳис қилиш аъзолари бештадир: эшитиш, кўриш, ҳидлаш, татиш ва ухлаш. Ҳар бир ҳис қилиш аъзоси ила унга хос бўлган нарса билинади”.

Инсоннинг ақли илм ҳосил қилиш учун энг муҳим омилдир. Ақл воситаси ила ҳосил бўладиган илм иккига бўлинади.

Биринчиси, таҳлил ва мушоҳадасиз, бир кўргандаёқ ўз – ўзидан пайдо бўладиган илм. Ҳар бир нарса ўзининг бир парчасидан кўра катта экани бир кўришда ўз – ўзидан билинади. Бу “зарурий илм” - фаросат деб аталади.

Иккинчиси, ақлни ишга солиб, таҳлил, муҳокама  ва мушоҳада воситаси ила ҳосил бўладиган илм. У “касб қилиб топилган илм” дейилади.

Мусулмон кишининг қалбида ғойибдан келган, илм берувчи, йўлловчи, эслатувчи нарса “илҳом” дейилади.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳақда: “Аҳли ҳақ наздида илҳом бир нарсанинг тўғрилиги ҳақидаги маърифат учун восита бўла олмайди”, деган. Яъни  “кўнглимга Худо солди”- деб гапириш далил бўлмайди.

Ҳеч ким дунёдаги барча нарсанинг гувоҳи бўла олмайди. Одатда ўзи гувоҳ бўлмаган нарса ва ҳодисаларни уларни кўрган ва эшитганлардан сўраб,  эшитиб, ўқиб билиб олади. Бу фикрнинг далили учун иккита кўзга кўринган  мусулмон бўлмаган олимнинг Қуръон ҳақидаги эътирофини келтирамиз.

Жаноб Эрнест Ренан қуйидигиларни айтади:

“Қуръон ҳеч қандай алмаштириш ёки бузулишга учрамаган. Унинг оятларига қулоқ осганингда сени ажабланиш ва муҳаббат қамраб олади”.

Америкалик олим Майкл Ҳарт Қуръони Карим ҳақида қуйидагиларни ёзади:

“Пайғамбарликлар тарихида барча ҳарфлари ила комил қолган, ўзгармаган биргина китоб Муҳаммад нақл қилган Қуръондир”.

Юқорида зикр қилинган далил ва ҳужжатлардан  Ислом илмга тарғиб қилиш билан чекланмаслигини, балки ўзи айни илмий ҳақиқатга асосланган дин эканини билиб оламиз.

3.    Ақоид илмида асосий баҳслар тўрт турга бўлинади

1.    Илоҳиёт. Бунда Илоҳ ва У Зотга тегишли масалалар ҳақида баҳс юритилади.

2.    Нубувват. Бунда ваҳий, пайғамбарлик, расуллик ва уларга тегишли масалалар ҳақида сўз боради.

3.    Кавниёт. Бунда борлиқдаги мавжуд инсон, фаришта, жин ва сабабият қонунлари ҳақида илм олинади.

4.    Самъиёт. Бунда эшитиш билангина собит бўладиган ақийдалар ҳақида баҳс юритилади. Булар асосан ғайб оламига тегишли масалалар бўлади. Шунинг учун бу тур “ғайбиёт” ҳам дейилади.

5.    Шу билан бирга, мусулмонлар орасида пайдо бўлиб қолган ихтилофли масалаларга жавоблар ҳам шу илм доирасида ҳал қилинади.

4.    Аллоҳ таолонинг борлигини исбот қилиш ақоиднинг бош масаласидир.

Аллоҳ таоло Тур сурасида қуйидагиларни айтади: “Ёки улар ҳеч нарсадан йўқ, ўзлари яралганларми?! Ёки улар яратувчиларми?!” (35-оят)

Даҳрий ва худосизларга қарата воқеъликдан келиб чиқиб берилган соддагина ушбу саволни тафаккур билан мулоҳаза қилган шахс иймонга келмай иложи йўқ. Савол оддий: “Сен ўз – ўзингдан яралганмисан?”...

5.    Хулоса

Хулоса шундан иборатки, ҳар бир ақл эгаси бўлган одам соғлом ақидага эга бўлиш учун аниқ илмга асосланган мустаҳкам эътиқодга эга бўлиши лозим. Ўзининг динда тўғри йўл топиши учун қатъий далилларга суянган илмга эга бўлиши керак. Ана шунда инсон маънан мустақил ва тўғри эътиқодли, ақидаси соғлом инсонга айланади. Мутафаккир, ислом олими Сўфи Оллаёр ақида ҳақида ёздилар:

             Ақида билмаган шайтона элдур,

            Агар минг йил амал деб қилса, елдур.

У киши маърифатнинг моҳиятини эътиқодда кўрди. Шунинг учун ҳам эътиқод қоидаларидан бехабар, таъбир жоиз бўлса, ақидаси бузуқ инсон шайтон ила дўст бўлади. Бундай инсоннинг амали гарчи минг йилдан бери қилаётган бўлса ҳам барчаси бекордир.

     Ҳозирда баъзи бузғунчи фирқалар ёшларнинг ақийда илмини яхши билмаслигидан фойдаланиб, мутаассиб йўлларга бошқармоқдалар. Илмни чала ҳазм қилиш инсонни қоронғу йўлларга, натижаси ноаниқ ишларга йўллайди.


ЎМИ Жиззах вилояти вакили

Меҳмонхон Жаббаров

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид