130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ТАҲОРАТ НАМОЗИ
imon.uz 20-03-2012 989Таҳорат қилгандан кейиноқ икки ракат намоз ўқиш фазилатли амал ҳисобланади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳорат қилса ва таҳоратни чиройли қилса, сўнг икки ракат намоз ўқиса, бу ишга қалбу юзи билан ихлос қилса, унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар”. (Имом Муслим, Насоий ва Абу Довуд ривояти)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан олдин Билолга: “Эй Билол! Менга ўзингнинг Исломда қилган энг умидли ишингни айтиб бер, чунки мен жаннатда шундоқ олдимда шиппагингнинг товушини эшитдим”, дедилар. У: “Менинг наздимда энг умидли амалим – кеча ё кундузнинг қайси пайтида таҳорат қилсам ҳам, албатта ўша таҳоратим билан насиб бўлганча намоз ўқийман”, деди”.
Абу Абдуллоҳ: “Шиппагингнинг товушини, яъни унинг ҳаракатини”, деган.
(Имом Бухорий ривояти)
Таҳоратдан кейин икки ракат намоз ўқиш икки-уч дақиқа вақтни олади. Лекин, ўша саноқли дақиқалар ичида бажарилган амал нақадар улуғ-а?! Шунинг учун, бу ишга албатта эътибор бериш лозим. Таҳоратдан кейин фарз намознинг вақти кириб қолган бўлса, олдин икки ракат таҳорат намозини ўқиб олиш авлодир. Лекин, тиғиз бўлса ўқиладиган фарз ёки суннат намозга ният қилганда таҳорат намози ниятини ҳам хаёлдан ўтказиб қўйса, ин ша Аллоҳ, қўшалоқ савобга эга бўлади.
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний
Миролим Мансур тайёрлади