130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Умр заволи
imon.uz 09-06-2020 465Инсон дунёда яшар экан, ички дунёсини ҳам ташқи дунёсини гўзал ва
соғлом бўлишига ҳамма вақт интилади.
Динимиз таълимотида инсон ўз соғлиги учун хавф бўлган ҳар қандай катта-кичик
барча иллатлардан сақланиши вожиб саналади.
Ҳозирги тараққиёт даврда тиббиёт соҳаси қанчалик илдамлаб бормасин,
сон-саноқсиз дори-дармонлар, ускуна ва жиҳозлар кўпаймасин, инсон ўз соғлиги
учун қайғурмаса ҳеч қачон кутилган натижаларга эриша олмайди.
Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “Аср вабоси” деб ном олган
гиёҳвандликнинг инсон соғлигига зарари, унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла
айтилмокда ва кенг тушунтирилмокда.
Бугунги кунда глобал муаммога айланган, ушбу иллатга қарши курашиш
давлатлараро ҳамкорлик даражасигача чиққанлиги ва 26 июнь Халқаро “Гиёҳвандликка
қарши курашиш” куни эканлиги бу вабодан жуда эҳтиёт бўлишга барчамизни
чорлайди.
Ибн Обидин ҳазратлари Ибн Ҳажардан:
“Банг – афюн истеъмол этишда 120 хил диний ва дунёвий зарар, офатлар
бўлади”, деб нақл этган.
Бу заҳри қотилни истеъмол қилганларнинг аксарияти турли хил кўринишдаги
аянчли касалликларга йўлиқиб, ҳаётнинг гўзал неъматларидан бебаҳра бўлиб,
дунёдан эрта кўз юмишади.
Жамиятда юз бераётган қанчадан қанча қотилликлар, босқинчиликлар,
ўғирликлар, оилаларнинг бузилиб кетиши гиёҳвандлик оқибатида рўй бермоқда.
Ҳозирги кунда ер юзидаги наркобизнесда айланаётган пул маблағи дунё
аҳолисининг озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой, таълим тизими ва тиббий
хизматга сарфланаётган харажатларидан анча кўплиги билан фарқланиши ҳеч кимга
сир эмас. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи
гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши атроф-муҳитда бўлаётган воқеаларга
бепарво бўлиб қолади. Унинг гирдобига тушган бемор нафақат ўз яқинлари балки
юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади.
Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 195-оятида:
“Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг!” деб марҳамат қилган.
Умму Салама розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
“Ҳар
қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол
қилишдан қайтардилар” деб ривоят қилганлар. Аҳмад ва Абу Довуд ривоят
қилишган.
Ислом динимизда ҳар қандай турдаги гиёвандлик моддаларни истеъмол қилиш,
савдоси билан шуғулланиш, етиштириш ва хатто ундан олинган фойдаси ҳам, шаръан
ҳаром ҳисобланади.
Жиззах вилояти Янгиобод тумани
“Иймон” масжиди имом-хатиби
Шуҳратбек Худойназаров