ВИТРДАН КЕЙИН НАМОЗ ЎҚИШ МУМКИНМИ?

ВИТРДАН КЕЙИН НАМОЗ ЎҚИШ МУМКИНМИ?

imon.uz 2021-05-17 05:55:23 703

Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда витрдан кейин ҳар қандай намозни ўқиш мумкин ва жоиз. Улуғ ҳанафий олими Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ: لَا بَأْسَ بِالتَّطَوُّعِ بَعْدَ الْوِتْرِ وَلَا يَكُونُ ذَلِكَ نَاقِضًا لِلْوِتْرِ – “Витрдан кейин нафл намоз ўқишнинг зарари йўқ. Бу ҳолат витрни нуқсонга учратмайди”, деб туриб, бу ҳақидаги далилларни ҳадиси шарифлардан ҳамда саҳобаларнинг қилган ишларидан ҳужжат келтириб бўлиб, ундан кейин бундай деганлар:

وَهَذَا الْقَوْلُ الَّذِي بَيَّنَّا قَوْلُ أَبِي حَنِيفَةَ وَأَبِي يُوسُفَ وَمُحَمَّدٍ رَحِمَهُمُ اللهُ

“Биз баён қилиб берган бу гап Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳумуллоҳнинг гапларидир!” (Абу Жаъфар ат-Таҳовий. Шарҳ маоний ал-асор. 1-жилд. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1994. – Б. 340-344).

Аслида, витрдан кейин намоз ўқиш мумкин эмас, деган фикр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: اجْعَلُوا آخِرَ صَلَاتِكُمْ وِتْرًا – “Намозларингизнинг охиргисини витр қилинглар!” (Бухорий, 1/472) ва  اجْعَلُوا آخِرَ صَلَاتِكُمْ بِاللَّيْلِ وِتْرًا- “Кечки намозларингизнинг охиргисини витр қилинглар!” (Бухорий, 2/998) деган ҳадиси шарифларини тўғри тушунмасликдан келиб чиққан. Биринчидан, бу буйруқ ва кўрсатма вожибликни билдирмайди, балки у мустаҳабликни – шуни қилса савоб, қилмаса гуноҳ йўқ амални билдиради. Иккинчидан, унга амал қилмасдан, яъни кечки намознинг охиргисини витр қилмасдан, балки витрни ўқигандан сўнг яна намоз ўқишнинг жоиз эканини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари амалда кўрсатиб берганлар. Бу ҳақида алоҳида саҳиҳ ҳадислар келтирилади. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрдан кейин икки ракъатни ўтириб ўқиб қўярдилар (Абу Довуд, 1/1342).

Гоҳида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрдан сўнг ўтириб ҳам, тикка туриб ҳам намоз ўқийверардилар:

ثُمَّ يُوتِرُ ثُمَّ يُصَلِّي رَكْعَتَيْنِ وَ هُوَ جَالِسٌ فَإِذَا أَرَادَ أَنْ يَرْكَعَ قَامَ فَرَكَعَ

“Сўнгра витр ўқирдилар, сўнг эса ўтирган кўйи икки ракъат намоз ўқирдилар. Агар рукуъ қилмоқчи бўлсалар, туриб рукуъ қилардилар” (Муслим, 1/738).

Яна шуни тушуниш керакки, “Намозларингизнинг охиргисини витр қилинглар!” кўрсатмаси одатий ҳолда амал қилинадиган ишни назарда тутмоқда. Яъни, инсон одатда ухлашдан олдинги охирги намозини витр билан тугатади.

Интернет материаллари асосида

Шароф Рашидов тумани

"Яккақайроғоч" масжиди имом-хатиби

Оролов Усмонали тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид