Рамазон ойининг вақт нуқтаи назаридан фазилати

Рамазон ойининг вақт нуқтаи назаридан фазилати,

Қуръони каримнинг нозил бўлиши

Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи (ҳақиқат билан сохталик, яхшилик билан ёмонлик, савоб билан гуноҳ ўртасидаги фарқни белгилаб берувчи маъносидадир) ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир (Бақара сураси, 185-оят)

Демак, Рамазон ойи вақт нуқтаи назаридан Аллоҳ таоло ўз бандаларига энг улуғ неъматини Ўз Каломини нозил қилган вақтдир. Парвардигор ўз бандаларига хитоб қилган, осмон ва ер оралиғида буюк боғланиш содир бўлган вақт Рамазон ойидир. Қуръон нозил бўлиш билан меҳр-муҳаббат, имон ва ислом, поклик ва оқибат нозил бўла бошлади. Кибр ва риё, зулм ва алдоқчилик, қуллик ва будпарастлик илдизларига болта урилди.

Рамазон ойи мана шундай вақт бўлганлиги учун ҳам шукронасига бу ойда бир ой рўза ибодати фарз этилди. Ва бу ой қамарий ҳисоб билан юритилади. Ҳар йилги шамсий ҳисобда ўн кун фарқ билан силжиб келади ва шамсий 36 йилда ҳар бир фаслнинг 365 кунида тўлиқ рўзадор бўлишни таъминлайди. Демак, рўза тутмоқнинг инсон жасадига ва руҳига фойдалари ҳам бутун фасллар давомида узлуксиз ва тадрижий равишда таъминланади. Рўза ибодати ҳам саноқли кунлар учун бир йил, яъни 12 ой орасидан танлаб олинган ва бу кунларда Қуръон Карим нозил қилинган.

Қуръон Карим бутун инсониятга ҳидоят ўлароқ туширилган. Аввалги Пайғамбарлар маълум бир қавм ёки ҳудудга пайғамбарлик вазифасини адо этган бўлсалар, Қуръон азимуш шаън ва унинг соҳиби Муҳаммад (с.а.в) бутун инсоният ва ер юзига пайғамбар ва ҳодий этиб танландилар. Дин мукаммал, неъмат кифояли бўлди. Бас, мана шундай улуғ неъмат шукронаси учун гўзал ибодат – Рамазон рўзаси фарз қилинди. Неъмат эвазига банда ўз ҳаққини шукрона ибодат қилиш, эҳсон қилиш ёки сажда қилиш билан адо эта олади. Рамазон рўзаси қандай ибодат бўлдики, бундай улуғ неъмат шукронасини ифода эта олади?!

Биз ожиз ақлимиз етганича ўйлаймизки, ибодат қилишга тўсиқ бўлувчи омиллар шайтон, нафс ва булардан хабарсизлик, яъни илмсизлик бўлади. Рамазон рўзаси эса айни шайтонга, нафсга ва илмсизликка очилган уруш ва жангдан иборат. “Албатта, шайтон сизга душмандир, уни душман тутинглар”, — деган Аллоҳ таоло ўз Каломида (Фотир, 6 оят).

Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Шайтон инсон боласининг қон томирларида юради” деганлар.

Рўза тутмоқ инсонга қон томирларининг тозаланишига ва шайтоннинг кишанланишига олиб келади. Кўнгилда раҳмонийликни англаш, ибодат қилишга мойиллик, раҳм-шафқат, инсонда ўз нафсини англаши каби хислатлар уйғонади.

إنَ النفس لأمَارة بالسوء

“Албатта, нафс гуноҳ ишларга буюрувчидир” ( Юсуф сураси 53-оят ).

Нафс хоҳишлари емоқ, ичмоқ ва шаҳвоний нафс талабларидан иборатдир. Рамазон ойида эса айнан мана шу истаклар тартибга солинади, покланади, яхшиликка ўргатилади.

Билимсизлик давоси олимлар билан суҳбатлашмоқ, Қуръон ўқимоқ ва ҳар бир илм даргоҳидан илм истамак ила ҳосил қилинади. Қуръондан биринчи тушган оят “Ўқи” деган буйруқ эди. Ўқиш билан инсоният жаҳолат зулматидан халос бўлади. Шайтон ва нафсни таниш, уларнинг кирдикорларидан огоҳ бўлиш учун ҳам инсониятга илм даркор. Рамазон рўзасини мукаммал тута олиш, унинг қадрини, ҳикматини, берилажак улуғ савобларни, одобларини билмоқ учун ҳам инсонга илм даркор. Инсониятга илоҳий неъмат “Қуръон” ҳам айнан рамазон ойида туширилганлиги учун ҳам Рамазон ойида сўз ва амалнинг бирга мужассам бўлиб инсониятга хизмат қилиши ҳолатлари топилгани учун ҳам бу ой муборак ва фазилатли ойдир.

 Рамазон ойидаги ибодатларнинг фазилатлари

а) Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир нарсанинг закоти (покловчиси) бўлади. Жасаднинг закоти рўзадир. Рўза сабрнинг ярмидир”, дейилган. Покликка интилмоқ ҳар бир ақл эгаси бўлган банданинг мақсади бўлмоғи лозим. Покликка интилиш инсониятни бошқа махлуқотлардан ажратиб турувчи хислатдир. Руҳ – жасадда меҳмон. Бамисоли бир гўзал идишга солиб қўйилган жавҳар бу руҳдир. Идиш покланмаса, идишни пок деб билмасак, ундаги турган жавҳар ҳам ифлосланиши эҳтимоли бор. Жасаднинг покланиш даражасида инсон руҳининг тетиклиги кўринади. Бу исбот этилган ҳақиқат. Жасадни поклашда маънавий ва моддий жиҳатдан Рамазон рўзасининг хизмати, ўрни беқиёс.

Жасаднинг озуқаси овқат бўлгани боис, аввало, уни поклаш ва емишларда шаръий ҳаром нарсалардан воз кечиш билан бўлади. Шаръий ҳаром нарсалардан овқатни поклаш нияти рўза тутаман деган инсонда ҳосил бўлади. Рўза тутиш учун ифторлик ва саҳарлик таомларини саралаб, ҳалол йўл билан топиб, аҳли аёлига, дўст- ёрларига энг сара таомларни раво кўриш жасад закотининг бошланишидир. Овқатланишда ифторлик вақтига эътибор, саҳарлик вақтига эътибор, қалб ҳозирлиги, ният хослиги, ихлос билан қилинадиган дуолар, сахийлик хислатлари, шукроналик туйғуси, ҳар томчи сув, ҳар бир луқма таомнинг улуғ неъмат эканлигини ҳис этиш, инсонлар ўртасида меҳр, ўзаро оқибат ҳислари, ҳамд ва шукр айтмоқ, руҳий тетиклиги – барча-барчаси рўза тутиб жасадни поклашга интилаётган мўмин банданинг одатий ҳаёти бўлиб қолади.

Ифторлик пайтида исрофга йўл қўймаслик керак. Зеро, кун бўйи рўза тутиб юриб ифтор маҳалида ортиқча овқат емоқ одобдан эмас. Соғлиққа ҳам зарарли.

أنس بن مالك (رضي الله عنه) قال: قال النبي (صلي الله عليه و سلم) : تسحَروا ، فان في السحور بركة

Анас ибн Молик (р.а) айтди: “Набий (с.а.в): “Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор, дедилар”.

Саҳарликда ҳар қанча емоқ жоиз, зеро, у ибодат қилишга ёрдам беради.

Рамазон – сабр ойидир. Гуноҳлардан тийилиш ойидир. Сабр қилмоқ тилни ёлғондан, иғво, фасоддан сақлашда ҳам синалади.

Ҳар бир гуноҳдан сақланиш учун ҳам инсонга сабр керак. “Рўза тутмоқ сабрнинг ярмидир”, дейилди ҳадиси шарифда. Сабр эса иймоннинг ярмидир. Имон жаннатга кириш шартидир. Демак , рўза тутиб юрган одам сабрнинг – жаннатга киришига сабаб бўлувчи имоннинг тўртдан бир қисмига эга бўлади. Рўзаси қабул бўлиши учун жаҳл қилмасин, бақириб – чақириб бошқаларга озор бермасин.

عن أبي هريرة (رضي الله عنه) عن النبي (صلي الله عليه و سلَم) قال: إذا أصبح أحدكم يوما صائما فلا يرفث و لا يجهل فان امرؤ شاتمه أو قاتله فليقل إني صائم إني صائم

Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: Набий (с.а.в): “Қачон бирингиз рўзадор ҳолида бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, “ мен рўзадорман, мен рўзадорман” десин”, дедилар”.

Муҳаммад (с.а.в): “Шошқалоқлик шайтондан, сабр эса Раҳмондан”, – дедилар. Рўза тутмоқ билан гуноҳларга сабр қила олиш хислати мўмин кишида мукаммал бўлади. Имоми Аъзам мазҳабида Рамазон рўзасида уч фарз борлиги маълум:

  1. Ният
  2. Субҳ содиқдан қуёш ботгунча емаслик ва ичмаслик
  3. Субҳ содиқдан қуёш ботгунча жуфти ҳалолига яқинлик қилмаслик.

Ният қилмоқ дегани, қилинаётган амалнинг, фарзлигини қалбдан ўтказиб, ихлос ила қасд қилмоқликдир. Ниятида рўза тутишдан мақсади Аллоҳнинг ризосини топиш бўлмоғи даркор. Риё учун, соғликни тиклаш учун оч юрган одам шаръий савобга эга бўлмайди.

Субҳ козиб бор, субҳ содиқ бор. Субҳ содиқ деб шарқ томонда ёйилиб чиқадиган ёруғликка айтилади. Қуёш чиқишдан тахминан 1 соат 40 минут аввал. Саҳарлик ўша вақтда тўхтатилиши керак. Ифторлик эса қуёш ботган заҳоти бошланади, кечиктирмаслик лозим. Инсон бу вақтлардан тажовуз қилса, ўша кунги рўзасини қазо қилиб тутиб беради. Бу амаллар инсоннинг вақтга берган эътибори. Вақтга эътибор умрга эътибор.

Рўза тутишни буйруқ берилгани инсонга қийинчилик хоҳланмаганлиги Аллоҳ таоло айтади:

يريد الله بكم اليسر و لا يريد الله بكم العسر

Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга оғирликни хоҳламайди(Бақара, 185). Яъни рўза тутиш зоҳиран қийинчилик машаққат кўрингани билан аслида нафсга енгиллик этиб буюрилгандир. Яъни асл моҳият ва ҳикмат енгилликдан иборатдир. Бу енгиллик аввали соғликнинг яна яхшиланишидир. Расули Акрам (с.а.в): “Рўза тутинглар соғлом бўласизлар”, дедилар (Табароний ривояти).

Фиқҳ китобларида олти тоифа кишиларга узрли бўлгани учун Рамазон рўзасини тутмасликка ва бошқа кунларда тутиб беришга ижозат берилади.

1.Шайхи фоний, яъни улуғ ёшга кирган ва рўза тутишликка қудрати етмайдиган киши. У киши ҳар кун рўза каффорати учун фитр садақаси миқдорича фидя беради. Рамазон рўзасини тута олмагани учун фидя тўласаю сўнг рўза тутишга қодир бўлса, у одам рўза тутиб бериши лозим бўлади.

2.Ҳомиладор аёл ва эмизикли боласи бор аёл. Рўза тутишлик сабабли ўзига ё боласига зиён етишидан қўрқса

3.Рўза тутишлик билан касали зиёда бўладиган бемор

  1. Сафарда бўлган киши
  2. Ҳайзли аёл.
  3. Нифосли аёл.

Мазкур 6 нафар кишилар ҳар кунига бир кундан қазо тутиб берадилар. Мусофир кишининг рўза тутиши сафарига зарар қилмаса, унга рўза тутиш афзалдир.

Хулоса шуки, рўза тутишнинг ниҳояси соғликни тиклаш, руҳий ва моддий мукаммалликка интилиш билан хосланади.

б) Таровеҳ намозининг фазилати. Рамазон ойи кечаларида суннати муаккада сифатида жорий бўлган 20 ракат таровеҳ (ором олиш) намози. Хуфтоннинг фарзи ва суннатидан сўнг, витр вожиб намозидан аввал ўқилади Ҳар тўрт ракатдан сўнг бир тарвиҳа, яъни ором олиш бўлади. Тўрт ракат намоз миқдорича ўтириб тасбеҳ, такбир, дуо ўқиб нафас ростланади. 20 ракат таровеҳ намозини ўқиш Ҳазрати Умар (р.а)нинг даврларида қайта тикланган. Ҳазрати Али (р.а) айтадилар: “Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: “Аршнинг атрофида Аллоҳ таоло яратган “Ҳазиратул Қудс” деган бир жой борки, у нурдан яратилган. Унда саноғини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган фаришталар бордирки, улар Аллоҳга бир сония ҳам тўхтамасдан ибодат қиладилар. Рамазон кечаларида Парвардигордан ерга тушишга ижозат сўрайдилар. Аллоҳнинг изни билан ҳар кеча ерга тушиб, намозхонлар билан биргаликда таровеҳ намозларини ўқийдилар. Кимки уларга тегса ёки улар кимга тегса, у банда абадий бахт-саодатга эришади”. Ушбу ҳадиси шарифни Ҳазрати Умар (р.а) Ҳазрати Алидан (р.а) эшитиб: “Бизлар бунга ҳақлироқ-ку” деб одамларни таровеҳга йиғдилар.

Ушбу 20 ракат намозда Қуръони каримни тўлиқ хатмона қилиб ўқиш ҳам жорий қилинади. Истиқлол шарофатидан бу каби ибодатларга барча мўмин-мусулмонлар эмин-эркин эришмоқдалар.

в) Эътикоф фазилати. Мусулмонларга муборак Рамазон ойида суннат бўлган ибодатлардан бири эътикофдир. “Мутасарул Виқоя” китобининг эътикоф бобида шундай келтирилади: “Эътикоф рўзадор кишининг жамоат масжидида ўзининг қасди нияти билан турмоқликдир. Унинг ози бир кун”. “Эътикофни фақат кундуз кунигина ўтираман” деб ният қилиш ҳам дуруст. Эртанги кундан бошлаб (икки ёки ундан зиёда) кун эътикоф ўтираман деган киши шу куни қуёш ботмай масжидга кириши шарт (чунки қамарий ҳисобда кеча кундуздан олдин келади). Кундузни ният қилган киши эса субҳдан аввал масжидга кириши лозим.

г) Фитр садақаси ибодати фазилати. Ҳазрати Абдуллоҳ ибни Аббос ( р.а )дан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ (с.а.в) фитр садақасини мискин камбағалларга бериб рўза тутишдаги хатоларга каффорат қилинглар ”, деб буюрдилар.

Фитр садақаси нисобга эга бўлган ҳар бир мусулмон кишига вожибдир. Имом Бурҳониддин Марғиноний ҳазратлари “Ҳидоя” номли китобларида: “Ҳар бир мусулмон кишининг мол-дунёси ҳожати аслиясидан нисоб миқдорича (яъни 84 гр тилло ёки унинг қийматига) ортса, фитр садақасини бермоғи вожиб бўлади. Фитр садақасини ўзи учун ва балоғатга етмаган ҳар бир ўғил-қизи учун камбағал мусулмонларга 2 кг буғдой ёки ун, ё майиз, ёки 4 кг арпа ёки хурмодан беради. Нархини пул ҳисобида берса ҳам жоиздир. Аммо балоғатга етган фарзандлари, эри, хотини ёки хотини эри учун фитр садақасини бериши шарт эмас. Улар ўзлари адо этишлари лозим”.

Фитр садақаси ҳайит куни тонг отиши билан вожиб бўлади. Одамлар ҳайит намозини ўқишдан олдин фитр садақасини адо этиши вожибдир. Агар ҳайит кунидан бир неча кун олдин берса ҳам жоиз. Ҳайит кунидан кечикса ҳам бермоғи шарт.

Бу садақа ҳам Рамазон ойидаги молиявий ибодат бўлиб, инсон ўз мол-мулкини ҳисоблаб, эътибор бериб, жисмоний ва руҳий ибодатини молиявий ибодат билан мукаммал қилишидир. Вақтга, камбағал биродарининг аҳволига аҳамият бериб — инсонийликнинг амалий ифодаси, тутган рўзасини қабул бўлишига, ҳайит кунига алоҳида тайёргарлик кўриб ўзини руҳий ва моддий мукаммаллигига қўйган навбатдаги қадамидир.

д) Ҳайит кунидаги ибодатлар. Мусулмонлар учун икки улуғ байрам бор. Булар Ийди Рамазон ва Ийди Қурбон деб аталади. Ҳазрати Анас (р.а)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган пайтларида мадиналикларнинг ўйин-кулгу, хурсандчилик қиладиган икки кунлари бор экан. Расулуллоҳ (с.а.в): “Бу кунлар қандай кун?”, деб сўрадилар. Улар: “Биз жоҳилиятда ўйин-кулгу қиладиган кунимиз, қадимгилардан мерос, дейишди”. Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в) айтдилар:

Аллоҳ Таоло мана шу кунингиздан яхшироқ икки кунга алмаштирди. Улар Ийди Қурбон ва Ийди фитр кунларидир”.

Мусулмонлар Рамазон рўзасини тамомлаб, ҳайит намозини ўқиш учун йиғилсалар, Аллоҳ Таоло фаришталарига фахрланиб: “Эй фаришталарим, ўз амалини тўлиқ бажарганнинг мукофоти нима бўлади?” дейди. Фаришталар: “Эй Роббимиз, унинг мукофоти ваъда этилган мукофотни тўла беришликдир”, дейдилар. Аллоҳ айтади: “Эй фаришталарим, ушбу бандаларим мен уларга фарз қилган рўзаларни тўлиқ адо этиб, ҳозирда мендан ўзларининг гуноҳларини кечиришимлигини сўраб дуо қилиб турибдилар. Ўзимнинг иззатим, улуғлигим, карамим, олийлигимга қасамки, албатта уларнинг дуоларини ижобат этаман”. Сўнгра, бандаларига айтади: ”Эй бандаларим, уйларингга қайтинглар, сизларнинг гуноҳларингиздан кечдим ва хатоларингизни ҳасанотларга алмаштирдим!”

Рамазон Ҳайит куни бирон ширинлик истеъмол қилиш мустаҳаб бўлади. Намоз учун ғусл қилиб, оғизни мисвок билан тозалаб, хушбўйланиб, кийимнинг чиройлироғини кийиб тайёргарлик кўрилади. Фитр садақаси адо этилиши лозим бўлади. Ҳайит намозини ўқиш вожиб амаллардан бўлиб, унда бошқа намозлардан фарқли равишда зиёда такбирлар мавжуд. Имомга иқтидо қилувчи одам “Икки ракат Фитр ҳайит намозини адо этишга ният қилдим ва иқтидо қилдим ушбу имомга холисанлиллаҳи таъала Аллоҳу Акбар” деб ният қилади. Имом сано айтганидан сўнг уч марта қўлларини қулоғига теккизиб, такбир айтади. Сўнг қироат қилиб биринчи ракатни тамомлайди. Иккинчи ракатда эса қироатдан сўнг қўлларини кўтариб яна уч марта такбир айтади. Тўртинчисида руку қилиб намозини охиригача ўқийди.

Ҳайит куни хурсандчилик ва шодлик кунлари бўлгани учун мусулмонлар бир-бирларини табриклайдилар. Аввало ота-онани, сўнг аҳли аёлу фарзандлар, айниқса, қиз фарзандларни, қўни- қўшнилар, қариндошлар, ёру биродарларни нозу неъматлар билан йўқлаб зиёрат қилиб хурсандчилигини улашадилар. Хусусан, қаровсиз кишилар, мискин бечораларнинг, етим-есирларнинг ҳолидан хабар олиши, уларнинг ҳам қалбларига хурсандчилик улашиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Байрам деганда шариатда рухсат берилган ишларнигина қилиш мумкин, чегарадан чиқиш, ҳаддидан ошиш савобдан маҳрум қилади. Исрофгарчилик хўжа кўрсин деб, риё амаллар қилиш, шариат кўрсатмаган фотиҳахонлик, йиғи-сиғи каби амаллар ҳайит кунларига муносиб эмас.

Бу кунларда ширинлик улашилади. Ширинлик бу эътибор, холос, аммо инсон қалбига етказилган севги- муҳаббат, оқибат, дуо, яхши тилаклар, хурсандчилик янаги ҳайитгача хотирада сақланиб туради. Янаги ҳайтгача эсон-омон барчамиз етиб борайлик деб қилинган эзгу тилаклар, дуолар ҳаммани шод қилади.

Бу кунларни мусибат кунларга айлантириш, йиғи-сиғи, фотиҳахонлик маъракаларга айлантириш макруҳдир. Зеро, бутун инсонлар ҳайит хурсандликларига киришган бўлишсаю, сиз ўз бошингизга етган мусибатни риё ва ошкора қилиб одамлар кайфиятини бузсангиз, инсофдан бўладими?!

АТАБОЕВ Абдумуталип

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Жиззах вилояти вакили ўринбосари

Вам также может понравиться...