ИНСОН ХОТИРАСИ АЗИЗ

Инсон хотираси азиз

Ўтганларни хотирлаш, хақларига ҳайри дуолар қилиш тирикларнинг бурчидир. Ҳадиси шарифда:”Қабристонни зиёрат қилиб туринглар, зеро унда катта ибрат бор”, — деб марҳамат қилинади. Умр ғаниматдир, ибтидоси бор ҳар нарсанинг интиҳоси ҳам бор. Бугун ўтган аждодларини хотирлаб қабристонда зиёрат қилиб юрган инсон эртага ўзи ҳам хотира қилинувчи инсонга айланаши мумкин.

Ҳадиси шарифда таъкидланган зиёратдан олинадиган ибрат масаласига қайтсак. Қабристон ўзига хос бир олам. Мавлоно Чустий таъбирича “индамаслар олами”. Агар зиёратчи бу олам вакиллари хусусида ўйласа … “бир пайтлар улар ҳам фоний дунё ташвишлари билан яшаганлари, бировлари хотиржам, осойишта, бошқа бирлари бесабр, талвасада, бири ҳалолликни пеша қилиб, бошқаси нафси амморасига эрк бериб умр ўтказганлари, …ва энди бу ерда яхши ҳам, ёмон ҳам, алдаган ҳам, алданган ҳам ёнма-ён ва айни чоқда дунё ҳаётидаги қилмишларига яраша Аллоҳнинг ажри ёки уқубатига сазовор бўлган ҳолда ётганларини теран мушоҳада эта билса, зиёрат унинг учун катта сабоқ вазифасини ўташи мумкин.

Ўтганлар хотирасини қадрлаш, айниқса, умрини эзгу ишларга, дин, илм — фан, эл-юрт хизматига бахшида этганлар хотирасини азиз тутиш диний — миллий қадрятларимиздан ҳисобланади. Юртимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ташабуслари билан 9 майни “Хотира ва қадрлаш куни” деб эълон қилингани истиқлолнинг қутлуғ қадамларидан бири бўлди. Қанчадан қанча миллатимз фидойилари истиқлол замонларини орзу қилиб, бу йўлда курашиб қатағонга учрадилар, шаҳид кетдилар. Биз ёш авлодни тарбиялар эканмиз, ана шундай Истиқлол фидойилари ҳаётини уларга ибрат қилиб кўрсатмоғимиз керак. Ёшларимиз кимларнинг авлодлари эканларини, ҳаётда кимдан ибрат олишлари лозимлигини билиб олишсин. Биз қалбларимизда инсон хотираси азизлигини ҳис этмоғимиз ва буюк боболаримиз сиймосини доимо ёдда тутишимиз лозим.

Адҳамхон УМАРОВ

Жиззах вилояти Янгиобод туман бош имом-хатиби

Вам также может понравиться...